Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент мажбурий тиббий суғуртани қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш зарурати ҳақида тўхталди

Президент мажбурий тиббий суғуртани қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш зарурати ҳақида тўхталди

Президент бугунги мажлисда тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини албатта қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш вақти келганини таъкидлади.

Шунингдек, «Реновация тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш кераклиги айтиб ўтилди.

«Қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши керак.

Масалан, юртимизда аҳоли сони йилига қарийб 1 миллионга ошмоқда. Бу – янги уй-жойларни кўпайтиришни тақозо этмоқда. Лекин деҳқончилик учун зарур ерлар уй-жой қуришга бериб юбораверилса, эртага қаерга экин экамиз, озиқ-овқат хавфсизлиги нима бўлади, деган саволлар долзарб бўлиб бормоқда.

Шу боис, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун «Реновация тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш лозим», – деди Президент.

Давлат раҳбари сўнгги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар учраётганига эътибор қаратди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида эса фуқароларнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш лозимлиги қайд этилди.

«Хусусий мактаб ва боғча қураман», деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароитларни яратиб бериш масалаларига эътибор бериш лозим.

Молиявий технологиялар, рақамли «маркет-плейс»лар, «веб-сервис», «бонд омборлари» каби янги тижорат майдонлари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, франчайзинг, капитал бозори, «стартап»лар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

Келгуси йилда илк бор электр энергияси онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Шу боис, иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бу соҳада бозор механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг