Ўзбекистонга кирган айрим автомобиллар учун йиғимлар бир хилда ҳисобланади – лойиҳа

Хорижда рўйхатдан ўтган автомобилларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар куни учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундириш таклиф қилинмоқда.
Ҳужжат лойиҳасида асослантирилишича, амалдаги қонунчиликка кўра, бунда автомобилларнинг от кучи эътиборга олинади, бироқ бугунги кунда аксарият автотранспорт воситалари ва электромобилларнинг гувоҳномаларида от кучи тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.
Мисол учун, 2022 йил давомида 456 минг та мажбуриятнома расмийлаштирилган бўлиб, шундан 54 мингтаси (12 фоиз) от кучи тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган гувоҳномалар асосида расмийлаштирилган ва 16 минг таси (3,5 фоизи) муддати ўтган.
Автотранспорт воситаларининг гувоҳномаларида от кучи тўғрисидаги маълумотлар бўлмаган ҳолларда, божхона пости ходимлари томонидан ҳайдовчилардан олинган оғзаки ёки интернет тармоғидан олинган маълумотлар асосида мажбуриятномалар шакллантирилмоқда ва ушбу ҳужжат асосида манзил постлари томонидан йиғимлар ундириб келинмоқда.
Шу билан бирга, қолган мажбуриятномаларда бу каби маълумотларнинг тўғри киритилганлигини аниқлаш механизми мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг 700-сон қарорига асосан олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар куни учун автотранспорт воситасининг ҳар бир от кучидан БҲМнинг 0,7 фоиз миқдорида йиғим ундирилиши белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter