Ўзбекистонда коррупцияни камайтиришга қаратилган 7 млн евролик ташаббус бошланди
Тошкентда коррупцияга қарши курашишни кучайтиришга қаратилган, умумий қиймати 7 миллион евродан ортиқ бўлган «Ўзбекистонда бошқарув тизимини такомиллаштириш» ташаббуси бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекистонда демократия» ахборотномасининг навбатдаги сонида маълум қилинди.
Ташаббус Европа Иттифоқи, GIZ бошчилигидаги ЕИ консорциуми, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Жумладан, ЕИ ҳомийлигидаги ташаббус доирасида иккита лойиҳа ишга туширилди:
«Инклюзив равишда коррупциянинг олдини олиш» лойиҳаси — GIZ бошчилигидаги ЕИ консорциуми томонидан «Минтақавий мулоқот» ХНТ ҳамда Марказий молия ва шартнома агентлиги (CFLA) билан ҳамкорликда Германия ҳукумати томонидан биргаликда молиялаштириладиган 4,55 миллион евролик бюджет билан амалга оширилади;
«Коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» лойиҳаси — БМТТД томонидан 2,5 миллион евролик бюджет билан амалга оширилади.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳалар 2024 йилдан 2026 йилгача мўлжалланган ва Ўзбекистоннинг барча 14 ҳудудини қамраб олади.
Лойиҳалар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупцияга қарши курашни кучайтириш ва фуқаролик жамиятини жалб қилиш орқали ижтимоий масъулиятни оширишдан иборат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter