Ўзбекистон-Қозоғистон: энергетика соҳасида қандай келишувларга эришилгани айтилди
Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Энергетика вазирликлари ҳамда компаниялари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қатор келишувларга эришилди.
Хусусан:
- 2023 йилда Ўзбекистон Республикасига 300 минг тонна Қозоғистон нефти ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 150 млн долларлик келишув. Ушбу келишув доирасида нефть етказиб бериш ҳажмини йилига 3 миллион тоннага етказиш бўйича ҳам ишлар ишлар олиб борилади;
- 300 минг тонна Россия нефтининг Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали Ўзбекистон Республикасига транзитини 2023 йилда амалга ошириш бўйича қиймати 9 млн долларлик келишув;
- табиий газнинг ўзаро транзитини амалга ошириш, мавжуд ер ости газ омборларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш, шунингдек, газ узатиш тизимини ривожлантириш.
Қозоғистоннинг «ҚазақГаз» компанияси билан Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳудудларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда Англашув меморандуми. Меморандум доирасида қўшма ишчи гуруҳлар томонидан 2023 йил 1 майгача аниқ таклифлар тайёрланади.
Қозоғистон Республикасида қуввати 2000 МВтгача бўлган замонавий кўмир иссиқлик электр станциясини қуриш ва ишлаб чиқариладиган электр энергиясини Ўзбекистон истеъмолчиларига етказиб бериш бўйича лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишув. 2023 йилда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари кимё саноатида фосфат ва мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича «Казфосфат» компанияси ва «Ўзкимёсаноат» АЖ ўртасида 1,3 миллиард долларлик кенг кўламли лойиҳага старт берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter