Ўзбек-туркман ўртасидаги 2 та чегара пости фаолияти қайта тикланиши мумкин
Туркманистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ҳар икки томон сув масалалари бўйича алоқаларини Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясида, сувдан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар доирасида изчил ривожлантириб бораётгани қайд этилди.
Шунингдек, охирги йилларда ўзаро ҳамкорлик ва эришилаётган келишувлар натижасида Амударё ҳавзасида сув таъминоти даражасини яхшилаш бўйича ижобий натижаларга эришилаётгани таъкидланди.
Жумладан, Амударёдан Сурхондарё вилоятида Аму-Занг, Қашқадарё вилоятида Қарши магистрал канали насос станциялари каскади, Бухоро вилоятида Аму-Бухоро машина канали насос станцияси орқали сув олинади. Ўз навбатида, Қарши магистрал канали орқали Туркманистон ҳудудига сув етказиб берилади. Қарши магистрал канали насос станциялари каскадининг 6 та насос станцияси Туркманистон ҳудудида жойлашган бўлиб, ўзбекистонлик сувчилар қўшни давлат ҳудудига ўтиб, уларни ишлатади.
Туркманистон Амударёдан ўз ҳудудидаги Қорақум ва бошқа каналлар ҳамда кичик насос станциялари орқали сув олади.
Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон ҳамда Туркманистоннинг Тошовуз вилояти ҳудудларини сув билан таъминловчи Туямўйин сув омбори икки мамлакат чегара ҳудудларида шаклланади. Ундан чиқариладиган сув Туркмандарё ҳамда Чапқирғоқ магистрал каналлари, шунингдек, Туямўйин гидроузелининг пастки қисми, Амударёнинг чап томонидан Хонёп, Жумабой соқа, Қиличниязбой ва Қипчоқ-Бўзсув каналлари орқали Тошовуз вилояти ҳудудларига етказиб берилади.
Қўшма комиссия йиғилишида юқоридагиларни инобатга олиб, Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги объектларига хизмат кўрсатувчи ишчилар учун «Вахта» режимини бекор қилиш ҳамда «Таллимаржон-Таллымерджен» ва «Дружба-Газоджак» чегара постлари фаолиятини қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Амударё сув ресурсларини биргаликда бошқариш тизимини ва маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш, Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тўғрилаш орқали сув йўқотилишини камайтириш ҳамда сувнинг тўсиқсиз ўтиш чораларини кўриш, «Туямўйин гидроузели Султонсанжар тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш» ҳамда «Қарши насос станциялари каскадини капитал қайта тиклаш» (Фаза-3) лойиҳалари доирасида жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга Турманистон ҳудудига кириш визалари бериш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Кўрилган масалалар юзасидан Баённома имзоланди.
Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter