Охирги 3 йилда 2 мингдан ортиқ шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган
2021 йилда вояга етмаганларга нисбатан содир этилиб, тергов қилинган жами жиноят ишлари сони 1 831 тани ташкил қилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2022 йилга келиб 2 194 тага етган.
Бу ҳақда Адлия вазирлиги ишлаб чиққан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳасида маълум қилинмоқда.
Болаларнинг жинсий эркинлигига қарши эса 2021 йилда 334 та ва 2022 йилда 395 та жиноят ишлари тергов қилинган бўлиб, ушбу турдаги жиноятлар вояга етмаганларга нисбатан жами содир этилган жиноятларнинг ўртача 18 фоизни ташкил қилмоқда.
Охирги 3 йилда 2 072 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шундан 1 777 нафари ёки 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортган бўлса, 23 нафари ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилган, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлган, куч ишлатган ёки руҳий таъсир кўрсатган.
Қайд этилишича, бугунги кунда 1,5 мингдан ортиқ болалар меҳрибонлик уйлари, «Мурувват» уйлари, болалар уйлари ва тутинган оилаларда тарбия олишмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва талабларга кўра ушбу болаларга нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи юқори ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter