Миллий гвардиячиларга метал ва пластик таёқлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши мумкин
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари махсус воситаларни қўллашда резина таёқлар билан биргаликда махсус таёқлардан ҳам фойдаланиши мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама учун эълон қилинди.
Телескопик таёқлар, лойиҳада тушунтирилишича, шахсий таркиб хизмати мобайнида йиғилган ҳолатда олиб юриш имкониятига эга бўлиб, металлдан тайёрлангани сабабли фаол қаршилик кўрсатган тартиббузарларни бўйсундириш, кузатиб олиб кетиш, совуқ қуролли ҳужумни бартараф этиш, хизмат отларида туриб фойдаланиш учун қулай ҳисобланади ҳамда ундан зарурат бўлганда транспорт воситаларининг ойнасини синдиришда ҳам фойдаланиш мумкин.
Қайд этилишича, АҚШ, Франция, Испания, Буюк Британия, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Беларусь давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус бўлинмалари томонидан жамот тартибини сақлаш, оммавий тартибсизликларни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарларни қўлга олиш жараёнида резина таёқлар билан биргаликда телескопик ва пластик таёқлардан фойдаланиб келинади.
Мазкур ўзгартириш Миллий гвардия бўлинмаларини замонавий турдаги махсус техникалар билан таъминлаш, шунингдек, шахсий таркибга хизмат кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва жамоат тартибини сақлашда самарадорликка эришиш учун таклиф этилмоқда. Шунингдек, қонунчиликда Миллий гвардия ходими фуқарога мурожаат этганида ўзини таништириш тартибини ҳам акс эттириш режалаштирилмоқда. Айни пайтда бу талаб фақат ички ишлар органлари ходимларига тегишли.
Ўзгартиришлар, шунингдек, Миллий гвардиянинг асосий вазифаларини 12 тадан 9 тага тизимлаштиришни назарда тутади, бунда амалдаги 7 та вазифа 3 тага бирлаштирилмоқда.
Миллий гвардияда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотга ишлов бериш ва уни техник жиҳатдан ҳимоя қилиш чоғида фойдаланиладиган ахборотлаштириш техника воситаларини ҳамда ахборотни техник жиҳатдан ҳимоя қилиш воситаларини сертификатлаштиришга доир фаолиятни амалга ошириш тартиби чиқариб ташланмоқда.
Лойиҳа муҳокамаси 5 декабрга қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter