Марказий Осиё давлатлари Афғонистон бўйича Москва форматидаги музокараларда иштирок этади
Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон) Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон келишуви бўйича Москва форматидаги музокараларда иштирок этади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко маълум қилди.
«Асосан, Москва форматидаги барча иштирокчилар у ерда бўлиш ва Афғонистон муаммоларини муҳокама қилиш истагини тасдиқлади. Умид қиламизки, у ерда амалдаги афғон ҳукумати вакиллари ҳам қатнашади», – деган Руденко.
Иштирокчилар Афғонистондаги вазият, шунингдек, халқаро ҳамжамият мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун кўриши мумкин бўлган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашади.
Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг сўзларига кўра, учрашувнинг асосий мавзуси муваққат «Толибон» ҳукуматининг инклюзивлиги бўлади.
Маълумот ўрнида, Афғонистон бўйича Москва форматига Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter