«Малакларнинг қирғини»: Тошкентда Хўжали қирғинига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ушбу ташкилотнинг қошидаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги тарихий «Турон» кутубхонасида Хўжали қирғини қурбонларининг азиз хотирасига бағишланган хотира тадбири ва озарбайжонлик марҳум шоир Ўқтой Исмойиллининг «Малакларнинг қирғини» номли поэмаси тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиев, ўлкамизнинг ва Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари дипломатлари, Ўзбекистоннинг фан, маданият ва санъат ходимлари, олимлар, университетларнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар ва журналистлар иштирок этишди.
Иштирокчилар энг аввал Хўжали фожиаси, Қорабоғ можароси билан боғлиқ китоб ва суратлардан иборат кўргазма билан яқиндан танишдилар.
Олим ва таржимон Бобохон Шариф Хўжали фожиаси ҳақида маълумот бериб, қирғинни сўнгги ўн йилликларда Турк дунёсининг энг унутилмас, энг катта фожиаси деб баҳолади.
Элчи Ҳусайн Гулиев чиқишида 32 йил аввал – 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари томонидан амалга оширилган қирғин ҳақида сўз очиб, Хўжали шаҳрини қамал қилган арман ишғолчилари шаҳар аҳолисини, кексалар, аёллар, болаларни беаёв қатл қилганини, қатли бедодлар уюштирганини гапирди. Элчи ўша пайтлари Қизил Хоч Қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар воситасида келишувга эришилганига ва тинч аҳолининг чиқиб кетиши учун махсус йўлакнинг яратилгани борасида розилик олинганига қарамасдан, арманларнинг бу йўлакдан фойдаланишга имкон бермаганини ва улар томонидан кексалар, аёллар, болалар ўққа тутилганини айтиб берди.
Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббасов эса инсоният номига қарши доғ бўлган ХХ асрнинг даҳшатли қирғини – Хўжали фожиаси ҳақида сўз очиб, уни Хатин, Холокост, Руанда, Сребница каби қирғинлардан фарқланмаганини айтиб ўтди.
Дипломат, шунингдек, Маданият марказининг лойиҳаси асосида чоп этилган ва қатли бедодга бағишланган марҳум озарбайжонлик шоир Ўқтой Исмойиллининг «Малакларнинг қирғини» номли шеърий достони ҳақида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўзбек олими, доценти Адҳамбек Алимбеков, «Китоб дунёси» газетасининг бош муҳаррири, шоира Хосият Рустам, тарихчи олим Шуҳрат Барлос, сиёсатшунослик бўйича доктор Маҳмуд Юлдашев ва бошқалар Хўжали қирғини, арманлар тажовузи ҳақида ўз фикрларини тадбир иштирокчилари билан бўлишдилар.
Иштирокчилар Арманистоннинг ишғолчилик сиёсатидан сўз юритиб, шоир Ўқтой Исмойиллининг «Малакларнинг қирғини» шеърий достони Озарбайжон халқининг бошига келган мусибатларини, Арманистоннинг босқинчилик ва қирғин сиёсатини адабиётнинг, поэзиянинг тили билан дунёга етказишда муҳим асар эканини таъкидладилар.
Маълумот учун, поэмада «Улуғ маданият бешиги – Озарбайжон», «Хўжалига олиб борган йўл», «Озарбайжон оналарининг тарбияси», «Арман онасининг тарбияси», «Қиёматнинг бошланиши», «Қарға уяси», «Жаннатда учрашамиз», «Маҳшар», “Хўжали олов ичида”, «Бобакнинг иккинчи қатл қилиниши», «Занжирланган гўдак», «Хўжали самосида руҳлар суҳбати» ва бошқа бўлимларида даҳшатли саҳналар қайта жонлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг ташкилотчилиги асосида «Қорабоғда янги туғилган қуёш» номли фотолар кўргазмаси ташкил қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter