Мактабларни «юлдуз» қилаётган воқеалар сабаби нима: носоз тизим ёки билимсизлик?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали мактабларда содир бўлаётган турли кўнгилсиз ҳолатлар, шунингдек, таълим сифатига оид салбий фикрлар акс этган маълумотларга бот-бот дуч келяпмиз.
Уларнинг айримларида бу ҳолатларга сабаб қилиб мавжуд таълим тизими кўрсатилса, айримларида оиладаги саёз тарбиянинг ҳосиласи эканлиги айтилади. Аслида Ўзбекистонда бу тизим сифати қандай, мактабларда таълим муҳимми ёки тарбия? Нега мактабларда умумий билим даражаси кутилганидан паст?
Xabar.uz юқоридаги муаммоли масалалар юзасидан аҳоли вакиллари ўртасида сўровнома ўтказиб, уларга айрим саволлар билан юзланди.
Ўзбекистондаги таълим сифатини бирдан бешгача баҳоланг?
Бу савол билан юртдошларимизга юзланганимизда уларнинг кўпчилиги таълим сифатига қониқарсиз баҳо берди. Нозима Ибодуллаева (талаба) бизда ўқитиш тизими анча пастлигини, ўзи ўқиган мактабда ҳам дарс бериш яхши бўлмаганини, олийгоҳда ҳам барчаси қониқарли эмаслигини айтди.
«Ўқув қўлланмалари яхши ёзилган. Агар айрим қонунлар ҳам амалда қўлланса, «5» баҳо бўлади», –дейди касби ўқитувчи бўлган Бегзод Толипов.
Мансур Матжонов эса тизимга «2» баҳо бериб, бир томондан талабаларнинг ўқишга бўлган қизиқиши сусайгани, уларнинг аксарияти фақат ижтимоий тармоқларда ўтириш билан банд эканлиги билан айблаётган бўлса, иккинчи томондан, таълим берувчи нуқтаи назаридан педагогика мутахассисларига амалиёт етишмаётганлиги ва иккала тарафда ҳам камчиликлар етарли эканини таъкидлаяпти.
Баъзи юртдошларимиз эса ҳаммаси яхшилигини, таълим сифати «5» баҳога ҳам арзишини айтиб ўтишди.
Мактабларимизда таълим муҳимми ёки тарбия?
«Аввало, албатта таълим. Кейин эса тарбия. Аслида тарбия уйдан, оиладан бошланиши керак. Умуман олганда ўқиш учун келаётган шахс тарбияли бўлиши керак», – дейди Ўткир Сатторов.
Баъзиларнинг фикрига қараганда эса иккаласи ҳам муҳим. Тарбия биринчи ўринда оилада, кейинчалик мактабда ҳам ўргатилиши лозим.
«Менимча, мактабда тарбия кўпроқ муҳим деб ўйлайман. Тарбия яхши бўлса, таълимнинг ўзи шаклланиб кетаверади», – дейди авточилангар бўлиб ишлайдиган Санжар Маннонов.
Жорий ўқув йили аввалида ОТМга имтиҳон топширган 1,74 млн нафарга яқин абитуриентдан 550 минг нафари (51,2 фоиз) ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олишмаган.
Муаммо нимада: таълим тизимидами ёки абитуриентларнинг ўзида?
«Бунга сабаблар кўп деб ўйлайман. Масалан, дарс бераётган ўқитувчиларнинг билим савияси, ўқувчиларнинг қабул қилиши ва уларнинг ота-она назоратисиз қолиши, оилавий муҳит – ҳаммасининг ўз таъсири бор», – дейди Мансур Матжонов.
Юртдошларимизнинг айримларига кўра эса барчасига абитуриентлар айбдор, таълимда муаммо йўқ. Асли касби ўқитувчи бўлган Бекзод Толипов ҳам айрим тарбиясиз ўқувчилар сабаб ўқитувчилар синфхонадаги бошқа ўқувчиларга етарлича билим бера олмаётганини айтади.
«Аввало, ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Агар астойдил қизиқиши, мақсади бўлса, ўша нарсага албатта эришади», – дейди Ҳусан Тиломов ҳам.
Юқоридаги саволлар билан юзланганимизда сўровнома иштирокчилари ўз дунёқарашидан келиб чиқиб фикр билдирмоқда. Балки таълим тизими ва сифати учун ҳар бир фуқаро жиддий қайғурса, эътибор қаратса, юқорида айтганимиз – соҳада турли кўнгилсиз ҳолатлар сони камаярмиди...
Нима бўлганда ҳам хулоса қилишни ўзингизга қолдирамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter