Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактаб дарсликлари учун ижара пуллари қайта тикланади – лойиҳа

Мактаб дарсликлари учун ижара пуллари қайта тикланади – лойиҳа

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим қилган 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетномада мактаб дарсликлари учун ижара пуллари қайта тикланиши маълум қилинмоқда.

Яъни, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Президентнинг ПФ-79-сонли Фармони билан мактаб дарсликларининг ижара тўлови тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳамда ўқувчиларга дарсликларни бепул фойдаланишга бериш тизими жорий қилинган эди.  Келгуси йиллар учун ишлаб чиқилган Бюджетнома лойиҳасига кўра эса «умумтаълим мактабларини дарсликлар билан таъминлашда ота-оналар иштирокини ошириш» мақсадида 2025-2026 ўқув йилидан 2–11 синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизими қайта йўлга қўйилади.

Ҳужжатга кўра, 2024 йилда бир бола учун дарслик ва машқ дафтарлари бир тўплами ўртача нархи 450-500 минг сўмни ташкил этган (шундан машқ дафтарлари 100-150 минг сўм). Режа қилинаётган тартиб бўйича бир тўплам учун 80 минг сўм (бир тўплам тан нархининг 16-18 фоизи) миқдорида ота оналар тўловини қайта тикланиши мумкин. Ушбу тўловлар ҳисобига шаклланган 376,6 млрд сўм маблағлар эса ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади.

«Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда», – дейилади Ҳужжат лойиҳаси матнида.

Маълумот учун, 2025 йилда умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш билан боғлиқ харажатлар – 1,3 трлн сўм этиб белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг