Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кўп болали оилаларга қандай имтиёзлар берилган?

Кўп болали оилаларга қандай имтиёзлар берилган?

Аввал «кўп болали оила» атамаси турли норматив ҳужжатларда турлича талқин қилинарди. Шу туфайли ҳуқуқни қўллаш амалиётида бирхиллик мавжуд эмас эди, ижтимоий адолат тамойили бузилар эди.

2020 йил 5 октябрдаги 640-сонли Қонуни билан «кўп болали оила» терминининг ягона тушунчаси киритилди, айрим имтиёзлар ва кафолатлар аниқлаштирилди. Оила кодекси 4-1-моддасига кўра, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оиладир. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.

Давлат кўп болали оилаларга турли имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.

Хусусан, кўп болали оилаларнинг ота-оналарига ишга жойлашишда кафолатлар назарда тутилган. Меҳнат кодекси 68-моддасига кўра, давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларга, шу жумладан ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек кўп болали оилаларнинг ота-оналарига қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Иш берувчи иш жойларининг белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 50-моддаси (Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисмига кўра, маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжуд бўлгани ҳолда асоссиз равишда рад этиш, шунингдек иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобидан иш ўринларига ишга жойлаштиришни асоссиз равишда рад этиш, худди шунингдек аввал талабнома берилган, касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача (6 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (9 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасида ҳам давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаши мустаҳкамланган. Қонунга кўра кўп болали оилаларнинг ота-оналари аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра ҳам кўп болали оилалар муҳтожлар тоифасига киради.

Муҳтожлар учун иш ўринларининг энг кам сони туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан белгиланади, шунингдек, ташкилотлар томонидан захирага қўйилади. Иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар учун назарда тутилади.

Ташкилотлар ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар тоифаларини (шу жумладан, кўп болали оилаларни ҳам) муҳтожлар учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан белгиланган захирага қўйилган иш ўринлари сонидан келиб чиқиб ишга жойлаштириши шарт.

Бунда, болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўрни яратилади.

Солиқ кодекси 436-моддаси 1-қисми 5-бандига кўра, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар (ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар) жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилади. Ушбу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади.

«Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 26-бандига кўра, қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилияцизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 12-бандига кўра, кўп болали оилалар аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар тоифасига киради.

Аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган, шунингдек, хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фондидан олиб уларнинг балансига берилган, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифалари учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартлари асосида фойдаланиш учун берилган уй-жой фонди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги 14-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган кўп болали оилалар кўп квартирали уйлардан имтиёзли кредитлар асосида уй-жой олиши, уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари ҳамда хотин-қизларга ажратиладиган арзон уй-жойлардан уй (квартира) олиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 319-сон қарорига кўра, кўп болали оилаларнинг болалари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга. Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган регламентга кўра, имтиёзли рўйхатга киритиладиган, шунингдек, махсус контингентга кирувчи болаларнинг ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар болаларининг сўровномалари давлат хизматлари марказларига бориб, устунлик ҳуқуқини ёки тегишли контингентга киришини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини нусхасини кўрсатган ҳолда расмийлаштирилади.

Имтиёзли рўйхатга киритиладиган, шунингдек, махсус контингентга кирувчи болалар ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларига берилган йўлланмалар ҳамда уларнинг устунлик ҳуқуқини ёки тегишли контингентга киришини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари болаларни ташкилотга қабул қилиш учун асос ҳисобланади.

«Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан лойиҳалари бўйича молиявий ёрдам кўрсатиладиган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг рўйхати»га кўра, кўп болали оилаларга тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан молиявий ёрдамлар кўрсатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 мартдаги 257-сон қарорига илова «Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра, кўп болали оилаларнинг иқтидорли фарзандлари Ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро кенгашлари қарори билан қуйидагиларни амалга ошириш орқали моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади:

  • замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш;
  • асосий турдаги ўқув қуроллари билан таъминлаш;
  • бадиий китоблар билан таъминлаш;
  • болалар газета ва журналларига обуна қилиш;
  • республика оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш;
  • республика бўйлаб саёҳатга бориш ва келиш харажатларини қоплаш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 апрелдаги 67-сон қарорига 2-илова «Қишлоқ жойлардаги кам таъминланган ва кўп болали оилаларга қорамолни бепул бериш шартлари тўғрисида»ги Низомга кўра, уй хўжалигида қорамол боқиш учун шароит ва имкониятлари, шу жумладан ер участкаси мавжуд кўп болали оилаларга бепул қорамол берилади. Кам таъминланган ва кўп болали оилаларга қорамолни бепул бериш хайрия ёрдами сифатида амалга оширилади. Қорамолни бепул беришга эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳар бир органида тузилган фуқаролар йиғини махсус комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ

Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси, ТДЮУ

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг