Конституцияга «снос» муаммолари билан боғлиқ норма киритилмоқда
Бугун, 24 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда фуқароларнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи хусусида ҳам тўхталиб, бу ҳуқуқ конституция даражада мустаҳкамланиши таъкидланди. Яъни, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилишига шарт-шароит яратиши белгиланмоқда. Шунингдек, ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлашнинг қонуний асослари яратилмоқда.
Қолаверса, Конституцияда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги аниқ равшан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бунда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.
Қайд этилишичА, мазкур норманинг Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятда ўткир муаммолардан бирига айланган «снос» билан боғлиқ муаммога нисбатан халқпарвар, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter