Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналистга босим ўтказган ходимларга хизмат текшируви тайинланди

Журналистга босим ўтказган ходимларга хизмат текшируви тайинланди

Жорий йилнинг 14 январида таҳририятига келиб тушган мурожаат ортидан Тошкент шаҳар Учтепа тумани 11-мавзега борган журналист Михаил Довлатов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан мажбуран туман ИИБга олиб кетилган.

У ерда эса унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.

Кеча хабар қилинганидек, Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди ушбу «иш»ни кўриб чиққан ва «маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли» журналистга нисбатан очилган иш тугатилган. 

Бош прокуратура берган маълумотга кўра, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Михаил Довлатов билан боғлиқ ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида идорага сўров хати юборган ва мазкур хат ижро учун қабул қилинган.

Айни пайтда журналист билан боғлиқ ҳолатга алоқадор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

«Шу ўринда, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари  фаолияти ва журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан қўриқланиши ҳақида яна бир бор эслатиб ўтамиз», – дейилади Бош прокуратура хабарида. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг