ЖССТ яна бир қатор сироплар таркибида заҳарли моддани аниқлади
Жорий йил 7 декабр Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «Сифатсиз (ифлосланган) сироплар ва суспензияли дори воситалари» тўғрисидаги огоҳлантириши эълон қилинди.
Унда Шимолий ва Жанубий Америка, Шарқий Ўрта ер денгизи, Жанубий-Шарқий Осиё ва Ғарбий Тинч океани минтақаларида Покистоннинг Pharmix Laboratories (Pvt.) Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ALERGO сиропи, EMIDONE суспензияси, MUCORID сиропи, ULCOFIN суспензияси ва ZINCELL сиропи маҳсулотлари таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.
Шунингдек хабарда, Дори воситаларини тартибга солиш органи (ДРАП – Покистон) томонидан эҳтиёт чораси сифатида Pharmix Laboratories’га барча оғиз орқали юбориладиган суюқ дори воситаларини ишлаб чиқаришни тўхтатиш бўйича кўрсатма берилганлиги ҳамда сифатсизлиги тасдиқланган беш хил сироп маҳсулотини қайтариб олиш тўғрисида огоҳлантирилганлиги маълум қилинган.
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси, тармоқларда тарқалаётган хавотирли хабарлар юзасидан расмий муносабат билдириб, Pharmix Laboratories (Pvt.) Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситалари Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини маълум қилмоқда.
«2023 йил феврал ойидан бошлаб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва мамлакатимизга кириб келаётган сироп шаклдаги дори воситалари таркиби диетиленгликол (DEG) ва этиленгликол (EG) заҳарли моддалари бўйича чуқур текширилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилганлигини эслатиб ўтамиз», – дейилади Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Матбуот хизмати муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин рухсат этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter