Жорий йилда 1 трлн сўмлик газ ва электр ўғирланди – «Ўзэнергоинспекция»
Жорий йилнинг шу кунига қадар «Ўзэнергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 9 минг 446 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, 767 млн метр куб табиий газ (748 млрд 600 млн сўм) ва 335 млн киловатт-соат электр энергияси (251 млрд 900 млн сўм) талон-торож қилинган. Бунинг натижасида давлат манфаатларига жами 1 трлн 500 млн сўм зарар етказилган.
Шунингдек, 2 минг 134 та маъмурий қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, натижада 204 млрд сўм миқдоридаги жарималар ундиришга қаратилган.
Инспекциянинг Тошкент марказий назорат-кимё лабораторияси томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 171 та ҳолатда 2 млн 823 минг литр нефть маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинди.
Қайд этилишича, энергия ресурсларидан айрим «тадбиркор»ларнинг ноқонуний ва ўғринча фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслар таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатяпти.
Испекция, ўз навбатида, истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки уларни бошқа йўллар билан талон-торож қилганлик учун қонунчиликда қатъий чоралар белгиланганидан огоҳлантирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter