Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззахда фуқарога тендердан ер олиб бермоқчи бўлган ҳокимлик мансабдори қўлга олинди

Жиззахда фуқарога тендердан ер олиб бермоқчи бўлган ҳокимлик мансабдори қўлга олинди

Жиззах вилоятида Янгиобод туманида қурилиш фирмаси раҳбари шамол электр станциялари қуришни режалаштирган тадбиркорга туман ҳокимлигида ишлайдиган мансабдор таниши ёрдамида, ёпиқ шаклда ўтказиладиган тендерда 200 гектар ерни олиб бермоқчи бўлган. Бунинг эвазига эса тадбиркордан 200 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 100 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, жиноятни тўлиқ фош этиш мақсадида, қурилиш фирмаси раҳбаридан олинган дастлабки кўрсатмалар ҳамда мавжуд далилларга асосланиб, унинг Янгиобод тумани ҳокимлигида масъул лавозимда ишловчи таниши ҳам қўлга олинган.

Худди шундай, Фарғона шаҳридаги фирма раҳбари ва унинг таниши ўзаро тил бириктириб, мазкур МЧЖга Фарғона шаҳридаги кичик саноат зонаси ҳудудидан мақсадли шартлар эвазига ажратилган 2 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Улар фуқародан бунинг эвазига 110 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтларида қўлга олинган.

Тошкент вилояти Паркент туманида ҳам ер сотиш билан боғлиқ жиноят аниқланди. Қайд этилишича, деҳқончилик йўналишида фаолият юритувчи фермер хўжалик раҳбарининг ўғли мазкур хўжаликнинг 10 гектар ер майдонини харидорга 50 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 26 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Сардоба туманидаги фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун мўлжалланган 5 гектар ер майдонини харидорга 18 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, 17 900 АҚШ доллари ва 1 млн 150 минг сўм олган вақтида ушланди.

Наманган вилояти Чуст туманидаги пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликнинг раҳбари эса 1976 йилда туғилган таниши билан ўзаро тил бириктириб, мазкур хўжаликнинг 2 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш ва у ерда боғдорчилик билан шуғулланишга рухсат олиб бериш эвазига 11 500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жинояти ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг