Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жарима майдонидан машинасини зўравонлик билан олиб қочган ака-ука жазоланди

Жарима майдонидан машинасини зўравонлик билан олиб қочган ака-ука жазоланди

Ғиждувон тумани «Бумеранг авто транс тех сервис» МЧЖга қарашли жарима майдончасидан автомашинасини зўравонлик билан олиб чиққан ва ЙҲХБ инспекторини қасддан уриб, унга ўрта оғир тан жароҳати етказган хоразмлик ака-укалар иши судда кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди иш ҳужжатларига кўра, Хоразм вилояти, Гурлан туманида туғилган 29 ёшли Д.С. ҳамда 25 ёшли Урганч давлат университет талабаси Э.С. Тошкент шаҳрига бориш учун йўлга чиқишган. Д.С. ўзига тегишли бўлган «Ласетти» русумли автомашинаси тезлигини оширган ва ўрнатилган радарларга тушмаслик учун автомашинаси давлат рақамини ечиб олиб, ҳаракатда давом этган. Бир неча километр масофа юргач, автомашинасининг давлат рақамини тескари ўрнатиб қўйган ва шу ҳолатда Бухоро вилояти,«Сармижон» ЙПХ масканига етиб келган. Аавтомашина ЙҲХБ ходими томонидан тўхтатилган. Ҳужжатларни тақдим қилишини сўраган ходимга турли важлар билан ҳужжатни кўрсатмаган ва инспекторнинг ҳаракатларидан норози бўлиб, ИИБнинг «102» қисқа рақамига қўнғироқ қилган. «102» томонидан ходим қонун доирасидан четга чиқмаслик ва одамлар билан самимий муносабатда бўлишга чақирилган. ЙҲХБ ходими эса фуқаро томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани, давлат рақами тескари ўрнатилганини ва шу ергача бўлган масофани босиб ўтган ҳолатиниям радар ва камералар орқали очиқлашини билдирган.

ЙҲХБ ходими сайъ-ҳаракати билан хоразмлик фуқароларга тегишли автомашина Ғиждувон тумани «Бумеранг авто транс тех сервис» МЧЖга қарашли жарима майдончасига келтирилган.

Орадан бир кун ўтгач, тонгги саҳар соат 04:55 да ака-укалар жарима майдончасига келишган ва назоратчи-инспектор Одил Қодиров ҳамда ЙҲХБ инспектори Шаҳзод Жалиловдан автомашиналарини қайтаришни сўрашган. Хизмат ходимлари уларга жарима тўланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилгач, автомашинани олиб чиқиб кетиш мумкинлигини тушунтиришган. Бироқ, ака-укалар ўз хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, автомашинани жарима майдонидан рухсатсиз ва зўрлик билан олиб чиқишга уринишган. Э.С. жарима майдонида турган, акасига тегишли автомашинани ёқиб, ҳаракатлантирган, акаси Д. эса қоровулни туртиб-итариб, дарвозани очган. Бу орада инспектор Шаҳзод Жалилов ва Одил Қодиров ҳаракатланиб келаётган автомашина олдини тўсиб, фуқаронинг хатти-ҳаракатига қаршилик кўрсатган. Бироқ, Э.С. назоратчи-қоровулнинг автомашинанинг олдига чиққанини кўриб туриб, қасддан уни автомашинасининг олд томони билан уриб юборган ва унга ўртача оғир тан жароҳати етказган. Ва автомашинани жарима майдончасидан зўравонлик билан олиб чиқиб кетган.

«Етмаганига, Д.С. ЙПХ ходимининг «боди» камераси ерда тушиб ётганини кўрган ва камерани олиб, жарима майдончаси деворидан ошиб, чиқиб қочган. Кўчада укаси билан учрашиб, автомашинага минишган ва Хоразм томонга қараб йўлга чиқишган. Ўз хатти-ҳаракатлари ноқонуний ва зўравонлик эканини билиб туриб, ҳаракатдан тўхташмаган», - деди судья Аслиддин Норбеков.

Судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, назоратчи-инспектор Одил Қодировга ўнг оёқ учинчи панжа суяги ёпиқ синиши, тизза бўғими лат ейиши, тери шилиниши, юқори лаб ички юзаси йиртилган жароҳати, ўнг қўл кафти, чап қўл иккинчи бармоқ, ўнг тизза, болдир, ўнг товон шилинмалари, бош энса, ўнг томон қорин олд девори юмшоқ тўқималари лат ейиши, юқори лаб ўрта ички ва ташқи, чап ва ўнг тизза бўғими олд, чап тизза бўғими олд юзаси пастки, чап ва ўнг болдир соҳасидаги шилинмалари каби жароҳатлар ташхиси қўйилган. Оғирлик даражасига кўра, ўрта оғирликдаги тан жароҳатлари тоифасига кириши аниқланган.

Зўравон ака-укаларнинг манзили охирига етмаган ва улар Ромитан тумани чўл ҳудудини кесиб ўтувчи Газли шаҳарчасида ушланиб, яна Ғиждувон туманига олиб келинган.

«Ака-укаларнинг ҳар иккиси ҳам айбига иқрор бўлиб, қилган ишларидан пушаймонлик билдиришди. Ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси ЖК 105-моддаси 2-қисмининг «в,и» бандлари билан уч йилдан ортиқ муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Айбдорларга назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Хоразм вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик қаттиқ тайинланди», - деди судья.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг