Энг кўп қуёш панелини ўрнатган маҳаллага электромобиль ваъда қилинди
Энергетика вазирлиги Ҳукуматнинг 121-сон фармойиши асосида аҳоли ўртасида кичик қувватли қуёш фотоэлектр тизимларидан фойдаланишни оммалаштириш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда «Қуёшли маҳалла» махсус танловини эълон қилди.
Танлов жорий йил 1 июндан 1 сентябрга қадар республикадаги маҳалла фуқаролари йиғинлари миқёсида ўтказилади ҳамда 14 та ҳудуднинг ҳар бири бўйича танловда қатнашувчи номзодлар ўртасида ғолиблар аниқланиб, мукофотланади.
Танловда иштирок этиш учун маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панелларининг жами қуввати 150 кВтдан кам бўлмаслиги ва маҳалла фуқаролари йиғинларидаги хонадонларга қуёш панеллари танлов эълон қилинган кундан бошлаб, туман(шаҳар) ҳокимлигига тақдим этиш кунига қадар даврда ўрнатилган бўлиши лозим.
Танловда иштирок этиш ихтиёрий бўлиб, ғолиблар қуйидаги мезонга кўра:
бош соврин – қуввати 300 кВтдан;
1-ўрин – қуввати 250 кВтдан;
2-ўрин – қуввати 200 кВтдан;
3-ўрин – қуввати 150 кВтдан кам бўлмаган қуёш панелларини биринчилардан бўлиб ўрнатган ҳамда ҳудудий электр тармоғига уланиб ишлаб турган маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролари йиғинлари орасидан аниқланади.
Танловда республика бўйича бош соврин – электромобиль.
14 ҳудуднинг ҳар бирида эса:
- биринчи ўрин учун – белгиланган мезонга мувофиқ БҲМнинг 400 баробари миқдоригача бўлган қийматдаги 10 кВт қувватли қуёш фотоелектр тизимини ўрнатиб бериш;
- иккинчи ўрин учун – белгиланган мезонга мувофиқ БҲМнинг 200 баробари миқдоригача бўлган қийматдаги 5 кВт қувватли қуёш фотоелектр тизимини ўрнатиб бериш;
- учинчи ўрин учун – белгиланган мезонга мувофиқ БҲМнинг 100 баробари миқдоригача бўлган қийматдаги 3 кВт қувватли қуёш фотоелектр тизимини ўрнатиб бериш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter