Чегарачиларнинг қонуний талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланди
Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармасликка даъват қилганлик жавобгарликка сабаб бўлади. Бу борада Президент томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритишга оид Қонун имзоланди.
Шунга кўра, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисининг ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, кўрсатилган муддатда ДХХ Чегара қўшинлари бўлинмаларига (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга) бориш ёки ушбу бўлинмаларда ҳозир бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик БҲМнинг 1 бараваридан 12 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилиш, худди шунингдек Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб сохта уйдирмаларни тарқатиш БҲМнинг 3 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter