Буюк Британия банки Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда
Тошкентда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мутасаддилари ҳамда Standard Chartered Bank (Буюк Британия) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
2 март, пайшанба куни бўлиб ўтган учрашувда Банкнинг Ўзбекистондаги жорий фаолияти ва мамлакатимиз иқтисодиётининг металлургия, энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш каби устувор тармоқларида янги лойиҳаларни амалга оширишга унинг инвестицияларини жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, Standard Chartered Bank банкининг Ўзбекистон бозорида экспортни молиялаштириш бўйича маҳсулотларини илгари суриш ва миллий капитал бозорини ривожлантиришдаги иштирокининг амалий жиҳатларини кўриб чиқишган.
Учрашув якунлари бўйича томонлар амалий келишувларга эришиш мақсадида белгиланган ўзаро ҳамкорлик формати доирасида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Маълумот учун: Standard Chartered Bank 1969 йилда Лондонда ташкил этилган. Асосий фаолиятини Шарқий Осиё ва Африка мамлакатларида олиб боради. 2020 йил охирида унинг молиявий активлари 789,1 миллиард долларни ташкил қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter