Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоролик ҳамшира: «Беш йилдан бери пахта термайман... »

Бухоролик ҳамшира: «Беш йилдан бери пахта термайман... »

«Бугун Бухорода пахта йиғим-теримига расман «старт» берилди. Шундоқ ҳовлимиз олдида оппоқ пахтазор. Гоҳида мириқиб тергинг ҳам келади. Бироқ, Ўқитувчию, шифокор, ҳамшираларнинг, айниқса, пахта йиғим-теримига жалб этилмаслиги ундан ҳам яхши бўлди.  Беш йилдан буён пахта термайман... Пахтани йиғиб-териб олиш эса  ҳосилни етиштиргунча тер тўккан дала ишчиларининг ўзидан ортмайди. Шаштинг келиб, пахта теримига ихтиёрон чиқмоқчи бўлсанг ҳам уларнинг қаршилигига учрайсан (кулиб).  Чунки улар олти ойча кутишади-да, бу ҳосил чўғини»,-дейди ромитанлик ҳамшира завқ билан.

28 йил мактабда фаолият юритиб, икки йилдан буён нафақага чиққан Когон туманилик собиқ ўқитувчи Гулсара Маърупова эса пахта теримига биринчилардан бўлиб «отилгани»ни айтмоқда.

«Ҳар килосига яхшигина тўлашар экан. Пенсия пулим ҳам ёмон эмас. Аммо, невараларимга янаям ёрдам бўлсин учун пахта теримига чиқдим. Пахтачиликка асосланган ер майдонлари ҳам аввалгилардек ҳад-ҳудудсиз эмас. Дала ишчиларининг ўзлари бир пасда йиғиб-териб олишади. Шунчаки ёшликни  бир эслаймиз-да, ҳамқишлоқ аёллар билан. Пахта теримининг ҳам ўзгача гашти бор»,-дейди у.

Бухоро ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Олим Жўраевнинг «Xabar.uz» га маълум қилишича, жорий йилда вилоятда жами 96 минг 229 гектар ерда ғўза парваришланган. Пахтачиликка ихтисослашган 3017 та фермер хўжалиги билан давлат шартномалари имзоланган. Унга кўра, 400 минг тонна ҳосил етказилиши кўзда тутилган.

«Эски даврлар, яъни қиш-қировли кунларда ҳам қор остидаги қуриган ғўзалардан пахта қидиришлар ортда қолган. Ўша кунларни ҳам босиб ўтдик. Аммо, пахта даласида туғилганларданман. Эсимни танибманки, пахта териб, рўзғоримни бутлаб келаман. Вобкент туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг аъзосиман. Кунига 140-150 килограммгача пахта теряпман.  Бу бир кунда, салкам, 200-300 минг сўм қўлимга нақд оляпман, деганим. Мавсумда ишлаб қолайлик, деб жонсаракмиз. Етказганига шукр!»-дейди Дилрабо Болтаева.

Маълум қилинишича, Бухорода пахта терим отрядлари шакллантирилмоқда. Ушбу отрядларга 1 585 та транспорт трактори, 3170 та тиркамалар бириктирилган. 6 340 та ёпинчиқ, 548 452 та этак (фартук), 4 940 та тарози, 3705 та қозон-ўчоқ,  3 705 та самовар, 2470 та сув сақлаш баклар захираси мавсумга тайёр ҳолга келтирилган.

«Пахта йиғим-теримида ишчи-ходимларни, талаба ва ўқувчи-ёшларни мажбурий жалб этиш ҳолатлари кузатилмаслиги учун барча чора-тадбирлар белгиланган. Ўз ихтиёри билан мавсумда турмуш шароитини яхшилаш мақсадида бўлган оилалар пахта йиғим-теримида қатнашиши мумкин. Бироқ, оилаларда ҳам вояга етмаганларни жалб этмаслик бўйича тушунтиришлар олиб борилган ва бу қатъий назоратда», - дейди Олим Жўраев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг