Бухорода ўқишга киритиб қўйиш эвазига фуқаролардан пул ундирган мансабдорга ҳукм ўқилди

Бухорода 2022 йилдан олий таълим муассасаси сифатида лицензияга эга бўлиб, фаолиятини давом эттириб келаётган «Turon Zarmed» университетига салкам 20 нафарга яқин ёшларни имтиҳонсиз ўқишга киритиб қўйиш эвазига ҳар биридан йирик миқдорда пул ундирган мансабдорга суд ҳукми ўқилди.
Суд ҳужжатларига кўра, ғиждувонлик 27 ёшли «Е.А.» МЧЖ раҳбари Ф.О. ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқароларни мазкур университетда ваколатли танишлари борлиги, белгиланган пулни беришса, уларни имтиҳонсиз талаба қилиб қўйиши ваъдасини берган.
Ф.О. ёшларнинг ишончига кириш воситаси сифатида ўзи раҳбарлик қилаётган «E.А.» МЧЖ номидан сохта шартномалар тузиб келган. Шартномада кўрсатилишича, у фуқаролардан 3-6 млн сўм атрофидаги маблағларни қўлга киритган ва ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган.
Орадан кўп ўтмай, олий таълим муассасасига қабул имтиҳонлари бошланиши ҳақида эълон берилган. Талаба бўлиш истагидаги «мижоз»лар эса «Turon Zarmed» университети масъулларидан бирига ўзининг ўқишга кириши учун «Е.А.» МЧЖ билан шартнома тузганлигини, шартномада белгиланган пулни тўлаб, имтиҳонсиз талабалар сафига қабул қилингач, ўқиш даври қачон бошланиши ҳақида қизиқиб сўраган.
Университет масъули ҳеч қандай жамият ёки корхоналар билан шартномалар йўқлигини, бундай хатти-ҳаракатлар қонунга хилофлигини билдирган ва бу каби сохта шартномларни зудлик билан бекор қилиш чораларини кўриш лозимлигини уқтирган. Ҳолатдан хабар топган университет масъуллари бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига маълум қилишган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ҳолат юзасидан тезкор тадбир уюштиришган ва Бухоро шаҳар марказидаги савдо мажмуаларидан бирининг олдида МЧЖ раҳбари Ф.О.ни ўзининг ходими М.С. орқали фуыародан кимёвий ишлов берилган 300 АҚШ доллари ва 700 минг сўм пулларни олаётган вақтида қўлга олинган.
Суд терговида Ф.О. аввалига ўз айбига иқрор бўлмасдан, фуқароларга шартнома асосида ҳуқуқий маслаҳат бергани эвазигат улардан пул олганини айтган. Бироқ, Ф.О.нинг овоз ёзувлари ҳамда сохта шартномаларда келтирилган манбалар жиноятни фош этган.
Кейинчалик МЧЖ раҳбари ёшларга етказилган зарарларни тўлиқ қоплашини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини айтиб, айбига иқрорлик билдирган.
Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Ф.О.нинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б,в» бандлари, 25,192-9-моддаси (Тижоратда пора эвазига оғдириб олиш) 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган ва шу моддалар билан айбли деб топди.
Суд уни ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter