Бухорода 18 нафар «қочоқ» отадан 261 млн сўмдан ортиқ қарз ундирилди
Мажбурий ижро буюросининг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судига 2021 йил давомида кўрилган 3 та жиноят иши юзасидан 20,9 млн сўмлик ва 2022 йилда кўрилган 14 та жиноят иши юзасидан 56,6 млн сўмлик алимент қарздорликларини ундириш юзасидан ижро варақлар чиқарилган.
Туман суди томонидан 2023 йилнинг ўтган ойида 12 нафар шахсга нисбатан 12 та жиноят иши мазмунан кўрилиб, 3 нафар шахсга нисбатан етказилган 38,5 млн сўмлик зарар қоплаттирилган. Қолган 9 нафар шахсга нисбатан эса жазо: 2 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари ва 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 76,7 млн сўмлик зарар ундирилган.
«Алимент тўловидан қочиб юрган оталарга жазо белгиланиши, яъни қамоқ жазосини ўташи бу улар олдидаги қарздорлик ундирилмайди, дегани эмас. Фарзанди тақдирига бепарво ва беписанд бундай «қочоқ» оталар ҳам жазони ўташга, ҳам қарздорликни тўлашга мажбур», – дейди МИБ вакили.
Маълумотга кўра, жорий йилнинг мос даврига қадар биргина Ғиждувон туманининг ўзида 62 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар судда кўрилган. 43 нафар ҳуқуқбузарга улар томонидан 874,8 млн сўмлик алимент пуллари ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли маъмурий қамоқ жазоси берилган. 18 нафар ҳуқуқбузар – «қочоқ» оталар томонидан тўланмаган 261,5 млн сўмлик алимент пуллари ундириб берилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter