Бугун ўзбек тилини кимлар ва нима мақсадда ўрганяпти? (видео)
Маълумотларга кўра, дунёда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллион кишидан ошган. Бундан кўриниб турибдики, ўзбек тилининг мавқейи ҳам кундан-кун ортиб бормоқда.
Мазкур мавзу доирасида Xabar.uz нашри журналисти ўзбек тилини кимлар ва нима учун ўрганаётганига билиш мақсадида ўзбек тили ўқитувчилари билан суҳбатлашди.
Меҳринисо Шарипова, ўқитувчи
— Асосан хорижий давлат фуқаролари ўзбек тилини ўрганиш иштиёқида келишади. Яқинда ҳиндистонлик ва хитойлик икки киши ўзбек тилини ўрганиш мақсадида мурожаат қилишди. Бу уларга иш юзасидан керак экан. Ўзбек тилини ўрганувчилар орасида русийзабонлар ҳам бор. Кўпчилик инглиз ёки рус тилини ўрганиш билан бир қаторда ўзбек тилини ҳам ўрганмоқда. Ўрганувчилар келажагини ўзбек тилисиз тасаввур қилиш қийинлигини тушуниб етишган. Бир ҳиндистонлик фуқаро 6 ой давомида ўзбек тилини ўрганиб, ҳозирда соғлигида муаммо билан Ҳиндистонга бораётган юртдошларимизга ёрдам беряпти. Яна бир хитойлик фуқаро ҳам 4 ой деганда ўзбек тилини ўрганди. Бунга сабаб у ўзбек қизини яхши кўриб қолганида бўлди. Бу хитойлик ўқувчимиз ҳозир ҳам онлайн ўқишни давом эттирмоқда.
Шоҳида Насриддинова, ўқитувчи
— Бугунги кунда ўзбек тилини ҳар хил соҳа вакиллари ўрганмоқда. Нафақат ўзбеклар балки, русийзабонлар ҳам иккинчи тил сифатида ўрганишмоқда. Буни кимдир тилга қизиқиш дейди, кимдир фарзандим ўргансин дейди. Кўпинча, неварасини етаклаб, бувилар тил ўрганишга келишади. Мактабда ўргатмаётганидан норози бўлишади. Неварасининг ўзбек тилини ўрганишини истаб келган бувиларни ҳатто ўзим яхши кўриб кетаман. Ота-она қилмаган ишни бувилар қилишади. Худди шунга ўхшаб, ўзбек бўла туриб, ўзбек тилини мукаммал билмайдиганлар ҳам учраб турибди.
Ўзбекистонда яшаймиз, ўзбек тилини ўргатинг, дейдиганлар жуда ҳам кўп. Бир куни икки йилдан буён Ўзбекистонда яшаётган россиялик иш давомида ўзбек тили керак бўлаётганини айтиб келди. Ўзбек тилини умуман билмасди. Умуман тил билмаган одамга тил ўрганиш қийинчилик туғдирмайди. Бир кореялик аёл ўзимида – банкда ишларди, шу киши ҳам ўзбек тилини ўрганди. Яқинда гаплашиб қолганимизда, мижоз билан бемалол ўзбек тилида гаплашганини фахр билан гапириб берди.
Заҳро Гулмуродова, ўқитувчи
— Кундан-кунга ўзбек тилини ўрганувчилар сони ортмоқда. Ўзбекистонда яшаяптими, ўзбек тилини ўрганиши шарт бўлиб қолди. Бу ерда яшаётган ҳар бир чет эллик тилни билиши керак. Шу ўринда «Нима учун? » деган савол туғилади. Чунки ишлаяптими, яшаяптими унга тил керак! Фаолиятим давомида бир турк оиласига ўзбек тилидан дарс бердим. Улар бу ерда яшаш, ишлаш мақсадида тилни ўрганишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter