Бразилия ҳукумати Тошкентда элчихонасини очмоқчи
Бразилия ҳукумати томонидан Тошкентда элчихона очиш масаласини ўрганиб чиқяпти. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ҳамда Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Мария Виоттининг Вашингтондаги учрашувида маълум қилинди.
Учрашув аввалида, Мария Виотти Бразилиянинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонасида Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси (қароргоҳи Вашингтонда) этиб Фурқат Сидиқов тайинланганлиги тўғрисидаги ишонч ёрлиғи нусхасини топширди.
«Ўзбекистон раҳбариятига Бразилиядаги ўз вакилини тайинлаш тўғрисидаги қарори учун ҳукуматим номидан миннатдорлик билдираман. Бу эндиликда икки томонлама кун тартибини сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишига ишонаман», – деди Мария Виотти.
Фурқат Сидиқов, ўз навбатида, Ўзбекистон Бразилия билан қишлоқ хўжалиги, саноат ва мудофаа соҳаларида кенг қамровли қўшма савдо-инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ишонч ёрлиғининг асл нусхасини Бразилия Президенти Луис да Силвага топшириш учун Ўзбекистон эличисининг ушбу мамлакатга ташрифини жорий йилнинг охирига қадар уюштириш бўйича келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, Фурқат Сидиқов жорий йил май ойи бошида Президент Жо Байденга Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатидаги ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter