Байроқдан фойдаланишдаги айрим чекловлар бекор қилиниши мумкин
Ўзбекистон байроғидан фойдаланишдаги айрим чекловлар бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда ЎзЛиДеП лидери Актам Ҳайитов маълум қилди.
Унинг ёзишича, партияга аъзо депутатлар сайловчилар билан ўтказган учрашувларида давлат байроғи ҳақидаги ҳужжатларнинг қабул қилинганлигига 31 йил бўлгани, шунингдек, ундан фойдаланишда айрим чекловлар мавжудлиги ҳақида айтиб келишган.
«Учрашувлар жараёнида ушбу қонунни давр талабига мослаштириш, Давлат байроғидан фойдаланиш борасида қонун нормаларини янада либераллаштириш лозимлиги билдирилмоқда», – дейди Ҳайитов.
Партия лидерининг билдиришича, 2022 йил 18 ноябрь куни Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП Фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш» тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш ва депутатлар орасидан ишчи гуруҳи тузиш кўзда тутилмоқда.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасида Давлат байроғидан фойдаланишдаги чекловларни олиб ташлаш, фуқароларнинг эркин фойдаланиши, эгалик қилиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Бошқача қилиб айтганда бу ўзгаришлардан кейин фуқароларнинг байроққа ҳурмат сақлаган ҳолда ўз хонадонларига ҳам илишлари, иш жойларида эркин фойдаланишлари мумкин бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter