Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Автобуслар учун қулай йўлаклар енгил автомашиналар учун ноқулайми? (видео)

Яқинда Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ажратилди. Энди сиз автомашинангизда ушбу йўлакларда сабабсиз ҳаракатлансангиз 600 минг сўм жаримага тортилишингиз мумкин. Ҳаракатдаги тирбандликлар ва қоидабузарликларнинг олдини олиш учун ташкил этилган йўлаклар етарлича самара беряптими?

Xabar.uz шу мавзуда ҳайдовчи ва йўловчилар фикрини ўрганди.

Сўровнома давомида автобус ҳайдовчиларидан махсус йўлаклар ажратилганидан бери нималар ўзгаргани ҳақида сўраганимизда уларнинг кўпчилиги «манзилимизга ўз вақтида етиб боряпмиз, авваллари бир ярим соат сарфлаган йўлимизга ҳозир ярим соат сарфлаяпмиз», дея жавоб беришди.

Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, алоҳида йўлаклар ажратилиши улар учун бир қатор қулайликлар туғдирган. Баъзи ҳайдовчилар эса шахсий автомобили бор фуқороларнинг ҳали ҳам қоидани бузаётганини билдиришди.

Йўловчиларнинг мавзу юзасидаги фикри ҳам ижобий бўлди. Улар ҳам манзилига ўз вақтида етиб бораётгани, автобуслар тез-тез қатнаб турганини таъкидлашди. Баъзи фуқоролар учун эса ҳаммаси аввалгидек, манзилига бориш учун автобусларни илгари қанча кутган бўлса, ҳозир ҳам шундай.

Шу билан бирга шахсий автомобили бор фуқоролар масалага бошқача фикрдалар. «Жамоат транспортлари учун алоҳида йўлак ажратишдан олдин йўлларни кенгайтириш керак», деяпти улар.

Автобуслар ҳаракатланиши учун қулай бўлган бу йўлларнинг ташкил этилиши енгил автомобилларнинг ҳаракатига ҳам таъсир қилмасдан қолмаяпти. Шу сабабли бу масала ҳақида енгил автомобил ҳайдовчиларининг фикрига ҳам қизиқдик. Аксарият ҳайдовчилар бу ташаббуснинг автобуслар учун анча қулай эканлиги, аммо енгил машиналарнинг ҳаракатланиши учун бир қатор муаммоли вазиятларни юзага келтираётганлигини айтиб ўтишди.

Асосий йўллардаги тирбандлик ҳамда ўрта йўлда ҳаракатланаётган машинанинг ўнг томондаги йўлга бурилиб олиши, яъни автобуслар йўлидан кесиб ўтиши ҳам анча хавфли эканлигини таъкидлашди. Бундан кўриниб турибдики, ушбу махсус йўлакларнинг афзаллик томонлари билан бир қаторда камчиликлари ҳам йўқ эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг