2024 йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
Президент бугунги видеоселектор йиғилишида 2024 йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича турган устувор вазифаларни белгилаб берди.
Қайд этилишича, жорий йилда ялпи ички маҳсулотни камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш режа қилинган.
Лекин, ўтган йили саноат 6 фоиз ўсгани билан, ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат 40 фоиздан ошмаётгани кўрсатиб ўтилди.
«Бу рақамлар бизни қониқтирмайди. Булар асосан импортга қарамлик ва энергия истеъмоли юқорилиги ҳамда ортиқча харажатлар кўплиги сабабли бўлмоқда», – деди давлат раҳбари.
Йирик саноат тармоқларига солиқ юки камайтирилган бўлса-да, кўп тармоқлар давлатга тушумни таъминлаш ўрнига харажатини ошираётгани қайд этилди. Жумладан, 10 та йирик корхонада харажатлар даромаддан тезроқ ўсгани кузатилган.
«Бу йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлади.
Бундан буён, саноатда қўллаб-қувватлаш механизмлари биринчи галда юқори қўшилган қиймат яратадиган ва бозори бор маҳсулотлар учун берилади», – деди Президент.
Масъулларга 2024 йилда қўшилган қийматни 45 фоиздан ошириш, таннархни 15 фоизга камайтириш, умуман, саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш бўйича корхонабай чора-тадбир тасдиқлаб, амалга ошириш топширилди.
Шунингдек, йирик тармоқларда таннархни 20 триллион сўмга, дебитор қарздорликни 8 триллион сўмга камайтириш зарурлиги айтилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлигига ҳар ойда камида 2 тадан тармоқни таҳлил қилиб, қандай қилиб таннархни камайтириш, қўшилган қиймат ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда янги имкониятларни ишга солиш мумкинлигини кўрсатиб бериш вазифаси қўйилди.
Умуман, жорий йилда иқтисодиётда самарадорликни ошириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг камида 6 фоиз ўсишини таъминлаш иқтисодий комплекс раҳбариятининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter