Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2022 йилда шаклланган ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот берилди

2022 йилда шаклланган ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот берилди

Ўзбекистонда 2022 йилда шаклланган ўртача ойлик иш ҳақи ўтган йил (3 214,8 минг сўм)га нисбатан 21,1 фоизга кўтарилиб, 3 892,4 минг сўмга етган. Бунга қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари кирмайди.

Ҳисобот даврида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (6 314,4 минг сўм), Навоий (5125,3 минг сўм), Тошкент (3 946,9 минг сўм), Андижон (3 381,8 минг сўм) ҳамда Бухоро вилоятларида (3 310,0 минг сўм) кузатилган.

Ўртача иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари эса Тошкент шаҳри (128,2 фоиз), Хоразм (123,1 фоиз), Андижон (122,6 фоиз), Сурхондарё (122,0 фоиз), Самарқанд (121,7 фоиз) ҳамда Наманган вилоятларида (120,6 фоиз) қайд этилган.

Ҳисобот даврида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи – банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, 10 817,1 минг сўмни ташкил этди. Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳаси 7 556,4 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳаси 5 079,8 минг сўмни ва саноат соҳаси 4 920,0 минг сўмни ташкил этиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил қилди. Таълим (2 695,4 минг сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (2 611,7 минг сўм) соҳалари эса бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи поғоналарда эканлигини кўриш мумкин.

Статистика агентлигига кўра, ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн 15,5 минг ходим маълумотларидан фойдаланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг