Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2022 йил учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши прогноз қилинди

2022 йил учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши прогноз қилинди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2022 йил учун ЯИМнинг реал ўсиш суратини 5,77 фоиз даражасида прогноз қилмоқда.

Марказ ҳисобот даври учун ЯИМ прогнозларини батафсил катта маълумотлар оқимига асосланган янги ёндашув (ноукастинг) ёрдамида ҳисоблаб чиққан.

Қайд этилишича, 20 тоифадаги 250 га яқин ҳафталик Google қидирув натижалари, алоҳида маҳсулотлар учун нархлар сметалари (шу жумладан олтин ва нефт нархларининг ўзгариши) ҳамда ялпи импорт ва захираларнинг асосий кўрсаткичларига асосланиб ҳафталик Ўзбекистон Республикаси ЯИМ прогнози тузилди.

«Ўзбекистон иқтисодиётига салбий ташқи шоклар сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Таҳлилда мамлкат 2022 йилнинг 1-чорагида дуч келган (Қозоғистондаги сиёсий нотинчлик, электр таъминотидаги кенг кўламли узилиш ва Украинадаги можаро) салбий омиллар ҳисобга олинган.

Прогнозлар ялпи ички маҳсулотнинг чорак якунлари кўрсаткичларида аниқланмаган ўзига хос жиҳатларини очиб берди. Хусусан, сезиларли пасайиш жорий йилнинг февраль-март ойларида кузатилди. Аммо, Ўзбекистон иқтисодиёти 2-чорак давомида сезиларли даражада тикланиб юқори суръатларда ўсди.

Ўзбекистоннинг биринчи чоракдаги иқтисодий ўсиши одатда мавсумий омиллар ҳисобига паст бўлади. 2018-2021 йиллар давомида Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши биринчи чоракда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишидан ўртача 0,43 фоизга кам бўлди. Шу сабабли, салбий омилларнинг иқтисодиётга таъсири кучли бўлди ва 2022 йилнинг биринчи чорагида ЯИМ ўсишини секинлаштирди», – деб ёзади Марказ вакили Асрор Нигмонов.

Шунингдек, юқорида айтиб ўтилган омилларни ҳисобга олиб, қолаверса, ЯИМ динамикасининг ҳафталик прогноз кўрсаткичларини жамлаган ҳолда, 2022 йил 1-ярмида 2021 йил 1-ярмига нисбатан иқтисодий ўсишнинг тахминий кўрсаткичлари 4,99 фоизни ташкил қилган.

2022 йилнинг 3-чорагида эса ЯИМнинг тахминий ҳафталик динамикасида ўсиб бораётган тенденция кузатилган. Бу эса ЯИМ ўсиш суръатини йилига камида 0,68 фоизга оширади.

«Бунга кўра, 2022 йил учун ЯИМнинг реал ўсиш сурати 5,77 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.

Шундан келиб чиқиб, 2022 йил учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши прогноз қилинаётган диапазони 5,67 фоиз - 5,87 фоиз даражасида белгиланди», – дейилади Марказ маълумотида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг