Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маҳкумларга руҳий ва жисмоний босим қилингани ҳақида 147 та шикоят келиб тушган – Омбудсман

Маҳкумларга руҳий ва жисмоний босим қилингани ҳақида 147 та шикоят келиб тушган – Омбудсман

2023 йилнинг 10 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан Омбудсманга 147 та шикоят келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлис ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълум қилди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларга руҳий, психологик босим ҳамда жисмоний қийноқлар қўллангани ҳақидаги аризаларнинг 28 таси бевосита мониторинг ташрифлари давомида амалга оширилган якка тартибдаги қабулларда, 23 таси  ёпиқ муассасалардаги «Омбудсман қутиси» орқали, 46 таси пенитенциар муассасалар маъмурияти ва маҳкумларнинг (маҳбусларнинг) яқин қариндошлари томонидан почта алоқаси хизмати орқали, 22 таси Омбудсман ва унинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилган шахсий қабуллар пайтида маълум қилинган. Яна 22 та мурожаат электрон тарзда ва 6 таси Омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган.

«Алоҳида таъкидлаш жоизки, руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган 21 та хабарлар ўрганилиб, бу бўйича муносабат билдирилган. Мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 9 та талабномаси киритилган», дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Kun.uz нашри 2023 йилнинг олти ойида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига келиб тушган мурожаатлар асосида маҳкумлар қийноққа солингани ҳақида 45 та ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг августида босқинчилик ва бошқа жиноятлар учун гумонланиб Тошкент шаҳар ИИББ биносига олиб келинган 33 ёшли шахс сўроқ вақтида вафот этган, бунинг ортидан прокуратура томонидан ИИББ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

4 июнь куни Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ ходимлари ўғирликда гумон қилиб, терговга жалб қилинган йигитни тергов вақтида уриб ўлдириб қўйгани маълум бўлганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг