Япония Ўзбекистонга маданий меросни сақлаш учун кўмак ажратди
Бугун, 15 ноябрь куни Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Япония ҳукумати билан «Буюк Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлаш орқали сақлаш» лойиҳаси бўйича алмашув нотаси ва грант битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Қиймати 55,9 миллион иенага (тахминан 400 минг АҚШ доллари) тенг грант ҳужжати Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма томонидан имзоланди.
Япония элчихонаси матбуот хизматига кўра, икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганининг 30 йиллигида тақдим этилган лойиҳа доирасида Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат тарих музейи ва Термиз археология музейи коллекциялар ҳамда экспонатларни асраш учун ускуналар, шунингдек, рақамли архивлаш учун зарур қурилмалар, шу жумладан, 3D сканерлар, 360 даражада суратга оладиган камералар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланади.
Ўз даврида Евроосиё қитъасининг қон томири бўлган Буюк Ипак йўли кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистон ва Япония халқларини мустаҳкам ришта билан боғлаган. Япония томонидан айнан Ипак йўли ҳудудидаги маданий дурдоналарни асрашга эътибор қаратилгани ҳам рамзий маъно касб этади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 29 август куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ж.Хўжаев ҳамда Япония элчиси Ё.Фужияма томонидан «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш» лойиҳаси бўйича алмашув нотаси имзоланган эди. 15 йил муддатга (5 йил имтиёзли муддат) ажратилаётган 200 млн доллар маблағ фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг молиявий барқарорлигини ошириши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter