Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Уйда ёлғиз»: омад ортидан муваффақиятсизлик

«Уйда ёлғиз»: омад ортидан муваффақиятсизлик

Маколей Калкин – Ҳолливуд тарихидаги энг муваффақиятли ёш актёрлардан бири. У «Уйда ёлғиз», «Менинг қизим», «Уйда ёлғиз-2: Нью-Йоркда йўқолган», «Бак амаки», «Яхши ўғил», «Бойвачча Ричи», «Саҳифалар ҳукмдори» фильмлари орқали машҳур бўлган. Маколей Калкин – «Олтин глобус» мукофоти совриндори. Болалар орасида энг яхши актёр деб топилган. Унинг қаҳрамонлари зангори экран орқали миллионлаб хонадонларга қувонч улашган. Аммо оддий оиладан чиққан бу болакайнинг ҳаёти бир маромда кечмаган. Унинг кинодаги мавқеига энг яқин инсонлари путур етказдилар...

Кўп болали хонадонда

Маколей Карсон Калкин 1980 йил 26 августда АҚШнинг Нью-Йорк штати Манхэттен мавзесида туғилган. Отаси Кристофер Корнелиус Калкин собиқ актёр, онаси Патриция Брентрап эса оддий ишчи бўлиб ишларди. Болакайга ёзувчи Томас Бабингтон Маколей ва америкалик таниқли инсон Кит Карсон шарафига Маколей Карсон исми қўйилди.

Маколей оилада етти фарзанднинг бири эди. Унинг тўрт нафар ака-укаси, бир опаси ва синглиси бор эди. Эҳтимол кўп болали оилада туғилиб ўсгани учун ҳам Маколей келгусида кинода ўзининг машҳур қаҳрамонини қойилмақом қилиб ўйнагандир. Нима бўлганда ҳам унинг донғи дунёга таралишини ҳали ҳеч ким билмасди. Дарвоқе, Маколей – отаси томонидан актриса Бонни Беделианинг қариндоши ҳам ҳисобланади.

Уларнинг оиласи моддий жиҳатдан яхши яшамасди. Хонадон бекаси телефон станциясида хизмат қилар, актёрлик билан хайрлашган отаси эса маҳаллий черковда фаолият кўрсатарди. Оиланинг барча аъзоси кичкина уйда яшарди.

Теар ва кинога йўналтирилган махсус мактабга ўтгунига қадар Маколей диний илмгоҳда таҳсил олди. Ота-онасининг танишлари уни болалар театр студиясига беришни тавсия қилишди. Маколей бирмунча вақт балет ва рақс билан ҳам шуғулланди. Актёрлик фаолиятини 4 ёшида бошлаган болакай Нью-Йорк филармонияси саҳнасида намойиш этилган спектаклда роль ижро этди. Унинг актёрлик маҳорати ўшандаёқ кўзга ташланди. Маҳаллий томошабинлар бу истеъдодли болакайнинг чиқишларидан ҳайратга тушишарди. Зеро, у фавқулодда лаёқати, бетакрор ижроси билан тенгқур актёрлардан яққол ажралиб турарди.

Орадан кўп ўтмай, 6 ёшга тўлган Маколей турли реклама лавҳалари орқали Америка телеэкранларида кўрина бошлади. 1985 йили эса «Ярим тунги вақт» фильмида илк бор роль ижро этди. Унда жимитдек роль ўйнаган Маколейнинг ижроси эслаб ҳам қолинмаган. Оливер Стоуннинг «Тўртинчи июлда туғилган» фильмида ҳам Маколей кичик роль ижро этди, бироқ монтаж пайтида бу лавҳалар қирқиб ташланди.

Умуман айтганда, 80-йилларнинг иккинчи ярмида Маколей ўйнаган ролларнинг иккитаси маълум: «Тенглаштириш тарафдори» сериалидаги кичик образ (ўғирланган болани ўйнаган) ва экранда Жон Кэнди бўлган «Бак амаки» фильмидаги илк бош роли. 1988–1989 йилларда ўн ёшли Маколей ҳисобида аллақачон иккита кичик кинороли бор эди. Дарвоқе, у Нью-Йоркдаги «Sonic Youth» гуруҳининг видеоклипида ҳам суратга тушган.

«Уйда ёлғиз»: омадли бола ва очофат ота

Калкин  ҳаётини «Бак амаки» фильми ўзгартириб юборди. Маколей «Уйда ёлғиз» фильмини суратга олиш учун бош ролга актёр излаб юрган Крис Коламбус билан ўша пайтда танишди. Кевинни беш дақиқа давомида суҳбатга тортган режиссёр ўзига керакли актёрни топганига юз фоиз ишонч ҳосил қилди.

«Уйда ёлғиз» комедияси 1990 йили, рождество байрами арафасида экранларга чиқди ва хитга айланди. Томошабинлар фильмни кўриш учун қайта-қайта кинотеатрга боришарди. Улар жажжи қаҳрамон Кевин орқали Маколейни ёқтириб қолишди.

«Уйда ёлғиз» олти ой ичида дунё прокатидан 500 миллион доллар даромад ишлади. Шу тарзда прокатда энг кўп пул тўплаган кинокомедия сифатида рекордлар китобидан жой олди. Митти актёр Маколей Калкиннинг гонорари эса 100.000 долларни ташкил этди. Фильм муваффақияти олдида бу кичкина миқдор албатта, бироқ Калкинлар оиласининг аввал ишлаб топган пулига нисбатан қараганда жуда катта пул эди! 100.000 доллар, айниқса, Маколейнинг ота-онаси учун мисли кўрилмаган пуллар ҳисобланарди.

Кевин Маккаллистер роли Маколейга «Олтин глобус» («Комедия ёхуд мюзиклдаги энг яхши эркак роли») мукофотини ҳамда «Йил боласи» нуфузини туҳфа этди. Ёш актёрга кинода суратга тушишини сўраб таклифлар ёғила бошлади.

Маколей саҳнадаги чиқишини давом эттирди. Унинг иштирокидаги спектаклларга чипта нархи кўтарилиб кетиб, бир ой олдин сотиладиган бўлди. Ёш актёрнинг молиявий масалалари билан отаси шуғуллана бошлади. Кристофер ўғлига таклиф қилинган ролларни кўриб чиқар, ўзаро шартларни муҳокама қиларди. У шу тарзда жажжи юлдузнинг менежери ва агентига айланди.

Минг афсуски, очофат ота ўғлининг истеъдодини ўстириш ва шакллантириш ўрнига таклиф қилинган роллар учун қанча пул тўланиши билан қизиқди. Уни ўғлининг мавқеи эмас, балки фильмдан-фильмга ўсиб борадиган гонорар қизиқтирарди. Ёш Маколей Калкиннинг мунтазам равишда мавқеи тушиб кетишига айнан шу омил сабабчи!

Орадан бир йил ўтиб суратга олинган «Менинг қизим» фильмидаги роли учун Калкин бир миллион миқдорида гонорарга эга бўлди. Пулни биринчи ўринга қўйиш кейинги фаолиятга ўз таъсирини кўрсатди: янги фильмлардаги роллар аввалги қаҳрамон – Кевиндан фарқ қилмай, прокатда муваффақиятсизликка учради. Фақат «Уйда ёлғиз-2: Нью-Йоркда йўқолган» бундан мустасно. Мазкур фильмдаги роли учун Калкинга бериладиган гонорар тўрт ярим миллион долларни ташкил этди ва у тарихда илк бор улкан миқдордаги пулни қўлга киритган актёр-бола деб топилди. Гарчанд 1992 йили суратга олинган «Уйда ёлғиз-2: Нью-Йоркда йўқолган» биринчи фильмдан кам – уч юз миллион доллар даромад келтирган бўлса-да, ҳар қалай бюджетни ортиғи билан қоплади.

Яна пул қутқуси

Маколей ўқишни ташлади, кўп ўтмай театрни ҳам тарк этди. Сабаби, Ҳолливуднинг кичик супер юлдузининг кинода суратга тушишига вақт етмасди.

Бироқ ёш актёрнинг мавқеи ҳануз хавф остида эди. Кристоферни ўғлининг қаерда суратга тушиши ва келгусидаги фаолияти ҳалиям ташвишга солмасди. Унинг бутун диққат-эътибори Маколейга бериладиган пулларга қаратилган эди. Балоғат ёшигача худди шундай бўлди.

Калкин бир ярим миллион доллар гонорар эвазига суратга тушган «Яхши ўғил» фильми ҳам харажатларни оқлади. Бироқ танқидчилар бу киноасарни ижобий баҳоламадилар. Кейинроқ Маколей саккиз миллион гонорар эвазига суратга тушган «Бойвачча Ричи» экранларга чиқди. Ёш актёрга яна саккиз миллион доллар олиб келган навбатдаги фильм номи эса «Ота билан басма-бас» эди.

Бора-бора Кристофер ўғли Маколейнинг суратга тушадиган фильми учун бошқа фарзандларини ҳам суратга олишларини киночиларга шарт қилиб қўядиган бўлди. Бу эса ҳамма режиссёрларга ёқавермасди. Маколейнинг ака-укалари ва опаси – Шейн, Кристиан ва Дакотанинг иккинчи даражали ва кичик роллари яхши чиқмади ва шу билан кинодаги фаолиятларига нуқта қўйилди. Оиладаги қизалоқ Куинн «Яхши ўғил»да Маколейнинг экрандаги синглисини ижро этди ҳамда «Истакларни топувчи кичкинтой» мультсериалида қатнашди ва унинг ҳам экрандаги фаолиятига якун ясалди. Фақат Киран ва Рори суратга тушишда давом этдилар. Айниқса, юз кўриниши Маколейга ўхшаш Киран гоҳ унинг укаси, гоҳ болалигини ўйнади. Кейинроқ Киран катта экранга чиқишга ҳам муваффақ бўлди (масалан: «Муви 43» фильмида суратга тушди).

Матбуот Кристофер отанинг ҳаракатини «Калкинлар оиласининг Ҳолливудга ҳужуми» деб баҳолади. Продюсерлар бундай сурбетликдан чарчадилар ва кўп ўтмай Маколейни кинога таклиф қилмай қўйдилар.

Маколей ўз қаҳрамонини қойилмақом тарзда ўйнаган «Яхши ўғил» психологик триллери негадир танқидчилар томонидан совуқ кутиб олинган. «Ота билан басма-бас» фильмидаги роли эса (ваҳоланки, «Уйда ёлғиз» йўналишида) танқидий йўсиндаги «Олтин малина» мукофотига сазовор бўлди. Нега шундай бўлгани ҳозиргача тушунарсиз.

Хуллас, Ҳолливуд продюсерлари тикадиган пулларининг ярми фақат Калкиннинг гонорари учун берилиши шарт бўлган кўпмиллионли алоҳида харажатли фильмларни суратга олишни истамадилар. Отанинг тажовузкорона «сиёсати» туфайли Маколейдан юз ўгирдилар. Аслида шусиз ҳам Маколейнинг отаси билан муносабати таранглашган эди. Қолаверса, бу ёқда – оилада муаммолар бўй кўрсатди: онаси Патриция билан отаси Кристофернинг Маколейга тегишли пулларга эгалик қилиш ҳуқуқи борасида зиддият келиб чиқди (ёш юлдузнинг гонорар миқдори 35 миллион доллар атрофида эди).

Суд ҳукми

Эр-хотиннинг ўзаро жанжалига отанинг кейинги вақтда ўғли чарчаб қолганига қарамай уни фильмларда суратга тушишга мажбур қилаётгани ҳам сабаб бўлган эди («Саҳифалар ҳукмдори» ва «Ота билан басма-бас» деярли баравар ишланаётганди). Ота-онасининг низоси туфайли Маколей кинодаги фаолиятини тўхтатиш ва бир битимга келгунларича кутишга қарор қилди. Шу тариқа 1994 йили экранга чиққан «Бойвачча Рич» унинг болалик давридаги энг охирги фильми бўлиб қолди – мазкур картина суратга олинаётганда Маколейнинг ёши 13 да эди.

1995 йил июнида эрини ўғлининг мавқеини барбод қилиш ва қайта тикланиши учун имконият қолдирмаганликда айблаган Патриция Брентрап умр йўлдоши Кристофер Корнелиус Калкин билан ажрашди. Шундан сўнг фарзандлар ва Маколейнинг пулларига васийлик қилиш билан боғлиқ суд иши бошланиб кетди. Мазкур жараён 1997 йилгача чўзилди. Ниҳоят суд васийликни Патриция фойдасига ҳукм қилди (Кристофер судда, ҳатто қатнашмаган), бироқ Маколейнинг пуллари унинг шахсий ҳисобчисига берилди.

Кинода иши қолмаган бола ниҳоят ўқишини давом эттирди, адабиёт ва фалсафа билан шуғулланди. Кейин эса яна театрда ўйнай бошлади. «Мельвиль хоним» спектаклида ёш талаба ролини ижро этди. У шу тариқа актёрлик ишига қайтди.

Олти йиллик танаффусдан сўнг ўлғайиб қолган Калкин катта кинога қайтишга ҳам ҳаракат қилди. Бунинг учун ёрқин ва эсда қоларли ролни танлади. У Майкл Элиг ҳаётига дахлдор реал воқеаларга асосланган «Клуб васвасаси» фильмини маъқул кўрди. Мазкур картинада гиёҳванд ролини ижро этди. Бу билан жиддий ролларни ҳам ўйнаши мумкинлигини исботламоқчи бўлди. Афсуски, мазкур уриниш муваффақиятли чиқмади. Кам бюджетли «Клуб васвасаси» прокатда бир миллион доллар ҳам йиға олмади.

2004 йили Маколей Калкин «Қутқарилган қиз» фильмида суратга тушди. Ўша йили унинг иштирокида «Қуддус синдроми» экранларга чиқди. 2007 йили Калкин «Эрталабки нонуштадаги беҳаёлик» фильмида, шунингдек, «Foster Hall» юмористик сериалида пайдо бўлди.

Анча кейинроқ томошабинлар уни «Хизматчи» фильмида кўрдилар. «Рестлинг рестлинг эмас» (2015), «Гэффинган шоуси» (2016), «Ҳайдовчилар» (2017), «Таиланддаги куёв оши», «Қўғирчоқ» (2019), «Америкача даҳшатлар тарихи: икки кишилик сеанс» (2021), «Энтергалактик» (2022) фильмларида суратга тушди.

Ёш оила ва Жексон

1998 йилнинг 21 июнида Маколей актриса Рэйчел Майнерга уйланди. Улар бирга таҳсил олган Нью-Йоркдаги болалар профессионал мактабида танишишганди. Тўй арафасида ҳар иккаласининг ҳам ёши ўн еттида эди. Ушбу никоҳ икки йил давом этди, улар оилавий ҳаётга тайёр эмасдилар. Ажрашишди.

2002 йил май ойидан эътиборан Маколей актриса Мила Кунис билан учраша бошлади. Ўзаро муносабат тўққиз йил давом этди. Калкин саккиз ой мобайнида қимматбаҳо совғалар бериб Миланга дил изҳори қилиб юрди. Бироқ қиз унинг «уйдан чиқа олмай» турмуш икир-чикирларига боғланиб қолганини айтиб, ўзининг артистлик фаолиятига заҳмат етказмаслик ва истиқболига путур етмаслиги учун таклифни рад этди.

Улар 2011 йил бошидан учрашмай қўйдилар, бироқ ўша йилнинг 3 январида публицист Кунис ўзаро муносабатлар бир неча ой аввал завол топганини айтиб чиқди. Унгача Маколейнинг опаси Дакота (1978 йили туғилган) фожиали равишда ҳалок бўлган эди. Уни пиёдалар йўлакчасида машина уриб юборган. Тезда шифохонага етказилган Дакота эртаси куни вафот этган.

2012 йил декабрида матбуотда Калкиннинг ҳапдорилар ичиб, ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Унинг оғир руҳий тушкунликка тушгани, ичкилик ва гиёҳванд моддаларга берилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бундай тушкунликка Кунис билан ажралиши сабаб бўлган эмиш. Ҳозирги кунда Куниснинг қизи ва эри бор.

Маколей эса, 2017 йил июлда актриса Бренда Сонг билан жамоатчиликда кўринди. Улар «Таиланддаги куёв оши» фильмини суратга олиш пайтида танишган эдилар. 2021 йилнинг 5 апрелида жуфтликнинг Дакота Сонг Калкин исм-шарифли ўғли туғилди. Маколей марҳум опасининг хотирасига унга шундай исм берган эди.

Актриса Бренда Сонг билан танишув Маколейни анча тийиб қўйди ва зарарли одатларини ташлади. 2022 йилда уларнинг иккинчи ўғли дунёга келди, исмини Карсон деб қўйдилар.

Маколей ҳаётига доир яна бир тафсилот унинг поп мусиқа қироли Майкл Жексон билан дўстлигига дахлдор. Хабарингиз бўлса, Майклни ёш болаларга нисбатан ўзгача муносабатда бўлганликда айблашган. 2005 йили бўлиб ўтган судда Маколей уни ҳимоя қилиб чиқди. Жексон яхши дўст эканлигини айтиб, бу дўстлик ахлоқ доирасида бўлганини таъкидлади. Аслида нима бўлганини бугун ҳеч ким билмайди, чунки Майкл Жексон ўлиб кетган.

Бугун 43 ёшли Маколей Калкин катта экранни ва мухлислар қалбини қайтадан забт этиш учун астойдил интилмоқда.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг