Туркий тилли давлатлар кинофестивалида Ўзбекистон 3 та мукофотни қўлга киритди
Туркияда 8-12 ноябрь кунлари «Коркут Ата» туркий тилли давлатлар халқаро кинофестивали бўлиб ўтди.
Мазкур кинофестивалда Рашид Маликовнинг Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Тутқунлик» фильми ҳайъат аъзоларининг махсус мукофоти билан тақдирланди. Али Ҳамроевнинг «Халқ жасорати» фильми эса ҳужжатли кино йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритди. Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга «Туркий дунё маданиятига қўшган ҳиссаси учун» махсус мукофоти топширилди.
Кинофестивал ҳайъати раиси Месуд Учакан ўзбек фильмларидаги инсонпарварлик ғояларни олқишлашди:
«Ўзбек фильмларининг гуманизм ғояларини илгари суриши бизга жуда ёқди. «Меҳр» операцияси ҳақида суратга олинган «Тутқунлик» фильми алоҳида олқишга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш кечаётган ерлардан ўз фуқароларини қайтариш бўйича кўрсатган ташаббусини алоҳида эътироф этган бўлардим. Бу улкан инсонийлик ва гуманистик лойиҳадир», — деди ҳайъат раиси.
Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам ўз навбатида фикрларини билдирди.
«Мазкур мукофот сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистонда олиб борилаётган кино ислоҳотларига катта баҳо деб биламан. Мазкур ислоҳотлар бевосита президентимиз Шавкат Мирзиёев билан боғлиқ. Менга берилган мазкур мукофотни барча ўзбек киноижодкорлариники, деб биламан. Чунки бунинг ортида жуда катта жамоа ва ҳамжиҳатликдаги меҳнат турибди. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Фирдавс Абдуҳолиқов.
Туркия маданият ва туризм вазири Аҳмет Демиркан ҳамкорлик ҳақида сўзлади:
«Эндиликда биз Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан алоқаларни ўрнатамиз, ҳамкорликда халқаро кинолойиҳаларни амалга оширамиз. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз катта натижалар беради»
Шунингдек фестиваль давомида ўзбек киноси куни ўтказилиб, «Тутқунлик», «Халқ жасорати» фильмлари ҳамда Жаҳонгир Ахмедовнинг «Илҳақ» картинаси премьераси бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Туркия телеканалларида ўзбек фильмлари намойиш этилди.
Кинофестиваль давомида ўзбек делегацияси томондан турли компаниялар билан ҳамкорлик келишувларига эришилди.
Кинофестивалнинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этиб, туркиялик ҳамкасби билан дуэт куйлади. Уларнинг чиқиши ташриф буюрганларда ёрқин таассурот қолдирди ва олқишларга сазовор бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter