Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли турколог ва таржимон Рамиз Асқар вафот этди

Таниқли турколог ва таржимон Рамиз Асқар вафот этди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси, таниқли турколог ва таржимон Рамиз Асқар 70 ёшида вафот этди.

Рамиз Асқар 1954 йилда Арманистоннинг Амаси туманидаги Азизбек қишлоғида туғилган. 1975 йилда Боку давлат университетининг журналистика факультетини, 1978 йилда Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

Узоқ йиллар Озарбойжон оммавий ахборот воситаларида ишлаган. 2002 йилдан ўз илмий фаолиятини бошлаган. Боку давлат университети туркология кафедрасида, озарбойжон муҳожир адабиёти ва бадиий таржима лабораториясида, туркий халқлар адабиёти кафедрасида меҳнат қилган.

2004 йилда «Қутадғу билиг» асарининг тил хусусиятлари мавзусида номзодлик диссертациясини, 2009 йилда «Девону луғотит-турк» асарининг тил хусусиятлари мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган. У 150дан ортиқ илмий мақола, 70дан зиёд китоб чоп эттирган, шуларнинг 54 таси таржимадир.

Рамиз Асқар ўзбек мумтоз адабиётининг фидойи таржимони ва тарғиботчиси, буюк мутафаккири шоир Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарини, «Хамса» достонларини тўлиқ озарбойжон тилига таржима қилиб, Боку шаҳрида чоп эттирган.

Фидойи таржимон озарбойжон тилига ўгирган «Бобурнома» асари 2011 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга совға қилинган.

Рамиз Асқар 2020 йил февраль ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинган. Ўзбек адабиётини тарғиб этишдаги хизматлари, ўзбек ва озарбойжон адабий алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2022 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. У, шунингдек, Озарбойжонда хизмат кўрсатган журналист унвонига эга. 2014 йилда Озарбойжоннинг «Шуҳрат» ордени билан мукофотланган. «Турк дунёси олдидаги хизматлари учун» (Туркия), «Олтин аср» (Туркманистон), Бобур (Ўзбекистон) мукофотлари, «Маданият соҳасидаги ютуқлари учун» медали (Татаристон) билан тақдирланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг