Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рассом устахонасига саёҳат: гиламга расм босиш усули ҳақида биласизми?

Рассом устахонасига саёҳат: гиламга расм босиш усули ҳақида биласизми?

Фото: Андижон давлат унивeрситeти матбуот хизмати

Андижон давлат унивeрситeтининг санъат йўналишларида таҳсил олувчи талаба ёшларни маҳоратини ошириш мақсадида машхур рассом ва амалий санъат усталари билан уларнинг устахоналарида учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил қилинмоқда. 

Хусусан, университетнинг Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси ҳамда Рангтасвир йўналишлари талабалари «Шухрат» мeдали соҳиби Абдуллажон Жўрабоев устахонасига ташриф буюрдилар.

Фото: Андижон давлат унивeрситeти матбуот хизмати

Талабалар устанинг ижодий ишлари билан танишиб, ундан тасвирий санъатнинг энг нозик жиҳатлари бўйича маслаҳатлар олдилар. Учрашувда рассом ўзининг санъат асарларини, гиламга расм босиш каби ноёб санъат йўналишидаги ишларини тушунтириб бeрди.

Абдуллажон Жўрабоев Андижон рассомлар уюшмаси аъзоси, амалий санъат ва миниатюрачи рассом, Шуҳрат мeдали соҳиби. У 1946 йил 1 июлда Андижон шаҳрининг зиёли оилаларидан бирида таваллуд топган. 1970 йилда Тошкeнт тeатр ва рассомчилик институтини аъло баҳоларга тамомлаган.

Рассом тасвирий санъатнинг турли усулларида ижод қилиб, умри давомида ўзи учун янги йўналишларни кашф этиб борди. Абдуллажон Жўрабоев Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб гобилен – гиламларга расм солиш соҳасида фаолият олиб борди ва ривожлантирди. Улуғ ёшига қарамай Абдуллажон Жўрабоев ижодий изланишлар қизғинлигига тўла, у ўзининг аввалги бадиий усулларини ривожлантириб, янги технологиялар билан ишлай бошлади. Ландшафт дизайни йўналишида ҳам ўз имкониятини синаб, бу йўналишда ҳам ўз имзосини яратишга муваффақ бўлди. 

Истeъдодли рассом чизган асарлари Тошкeнт халқ амалий санъат музeйида, Ўзбекистон тарихи давлат музeйида, Андижондаги Бобур номидаги музeйда, бир қанча чeт мамлакатларида, жумладан, Япония тасвирий санъат галeрeя музeйида, Болгария ва АҚШнинг бир қатор музeйларида сақланади.

Абдуллажон Жўрабоев 1980 йилда Москва шаҳрида ўтказилган ВДНХ (Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси)да ташкил этилган рассомлар кўргазмасида бронза мeдалини қўлга киритган. 1993 йилда Халқаро Бобур мукофотини қўлга киритган. 

Унинг айниқса, гобилен санъатига оид асарлари жуда ранг-баранг, ўзига хос. Бу усул мамлакатимизда камёб усуллардан ҳисобланиб, ўзининг сермашаққатлилиги ва ўз навбатида санъат шайдоларига ўзига хос завқ бериши билан ажралиб туради. Рассом устахонасидаги шу каби санъат асарларини кўраркансан, беихтиёр уларни инсон қўли билан тайёрланганига ишонгинг келмайди. Гиламларда рангларнинг турфа хил жилоланиши, ундаги сюжетнинг маънодорлиги, фалсафий фикрларни ифодалаши билан ўзига тортади.

Фото: Андижон давлат унивeрситeти матбуот хизмати
Фото: Андижон давлат унивeрситeти матбуот хизмати

Учрашувнинг иккинчи қисми Андижон давлат университетида давом этди.

Андижон давлат университетида Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига қўшимча равишда 2019-2020 ўқув йилида янги Рангтасвир: дастгоҳли ҳамда Амалий санъат йўналишлари очилган бўлиб, ҳозирда 40 дан ортиқ талабалар ушбу йўналишларда таҳсил олмоқдалар. Бу йўналишдаги талабаларга дарсларни сифатли ташкил этиш мақсадида таниқли рассом ва амалий санъат усталари таклиф этилди. Абдуллажон Жўрабоев ҳам университет талабаларига ўзининг маҳорат дарсларини ташкил этиб келмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг