Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нобел лауреати, ёзувчи Марио Варгас Льоса вафот этди

Нобел лауреати, ёзувчи Марио Варгас Льоса вафот этди

Фото: Grupobbc

Перулик ёзувчи, драматург, публицист ва сиёсий арбоб, адабиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати Марио Варгас Льоса 89 ёшида Лимада вафот этди. Ёзувчининг ўлими ҳақида унинг ўғли Алваро Варгас Льоса маълум қилди.

Унинг номи испанзабон адабиётини юксак рутбага кўтарган Хуан Рулфо, Карлос Фуэнтес, Хорхе Луис Борхес, Габриэл Гарсиа Маркес сингари сўз санъаткорлари қаторида эътироф этилади. Замонавий ва тарихий мавзудаги романлари Лотин Америкаси фикр аҳлига кучли таъсир кўрсатган.

Адиб «Шаҳар ва кўппаклар» (1963) деб номланган илк романи биланоқ тилга тушган. «Яшил рангли уй» (1966), «Капитан Панталеон ва ҳожатбарорлар ротаси» (1973) асарларида ҳокимлар ва тобелар, золимлар ва мазлумлар мавзуси қаламга олинган. «Ибодатхонадаги мулоқот» (1969), «Қиёмат қўпганда» (1981), «Таканинг байрами» (2000) романларида эса мустабидлик тузумларининг анатомияси бадиий маҳорат билан чизиб берилган.

Адиб 1990-йиллар бошида сиёсий арбоб сифатида майдонга чиқиб, «Демократик фронт»дан Перу президентлигига номзодини кўрсатди. Бироқ сайловда муҳандис Алберто Фухиморига имкониятни бой бергач, ёзувчи яна қизғин ижодга қайтади. Кейинги йиллардаги изланишлар меваси сифатида «Сатанг қизнинг саргузаштлари» (2006), «Келтнинг туши» (2010) романлари дунё юзини кўрди.

Марио Варгас Льоса (1936–2025) — Испания қироллик академияси аъзоси, бир қатор нуфузли университетлар фахрий доктори. Ромуло Галегос (1967), Шаҳзода Астурийский (1986), Сервантес (1994), Чино дел Дука (2008) номидаги халқаро мукофотлар соҳиби. Ҳокимият тузилмасини ҳамда инсоннинг исён, кураш ва мағлубиятини тасвирлашдаги маҳорати учун 2010 йили унга адабиёт бўйича Нобел мукофоти берилган.

Манба: ziyouz.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг