Навоийни англаб ўқийлик!
Ҳар йили февраль ойининг аввалида ҳамма ўзини Ҳазрат Навоийни танишини, билишини, унинг ижоди билан ошнолигини кўрсатишга интилиб қолади. Ўзимиз ҳам бундан мустасно эмас. Шу орада Навоийни тушунишини даъво қиладиганлар ҳам чиқиб қолади. Аммо Навоийни англаш учун Навоий билган билимларни эгаллаш зарурлиги, Қуръон, ҳадис илмидан яхшигина хабардор бўлиш кераклиги, Навоийни англамоқчи бўлган кишининг руҳонияти Навоий руҳониятига яқин бўлиши шартлиги ҳамманинг ҳам эсига келавермайди.
Адабиётдан анчагина хабари бор одамлар ҳам Навоий ғазалларини ўқиганларида уларни юзаки тушунишади, яъни «кўзи кўрган» сўзларнигина англайди. Бу сўзларга «беркитилган» ҳақиқий маънони эса Навоий «қуролини» ишлата оладиганларгина англайдилар. Ана ўшалар Навоий ғазалларини ўқиганларида дод деб йиғлайдилар, ана ўшаларнинг фарёди осмон тоқига етади.
Бу қурол нима? Бу қурол – орифлик, бу қурол сўфийлик. Сўфийлар эса ўзларининг қалбларидаги муқаддас тушунчаларни, мўътабар номларни дунёвий одамлар ўқиганда арзимас нарса деб ўйлайдиган номлар билан «қулфлаб» олганлар. Улар ғазалларида Аллоҳни ёр дейдилар. Ибодатни май, ибодатхонани майхона, ўзларини Ҳаққа етакловчи руҳоний пирларини эса соқий дейдилар. Ана шунинг учун «Май ичсанг, оқилу, доно билан ич» ёки «Мен ўлсам, мени майхона харобаларининг остидан изланг», деган Аллоҳ йўлида ёниб ўтган шоирларни XX аср даҳрийлари «ғирт алкаш» шоирларга чиқардилар. Шунинг учун ҳам замона майхўрлари бу шоирларни ўзларига ошно санаб, унинг рубоийларини қадаҳ сўзи қилиб айтиб юрдилар. Шоир руҳини қақшатиб юрганлар ҳали ҳам топилади. Ўша «тост»ларининг ҳақиқий маъноларини билиб қолганларида эди, қўлларидаги қадаҳларини ерга уриб, чил-чил синдирган бўлардилар. Афсуски, шароб хира қилган ақллари бунга етмайди.
Уламолардан бири сўфийларнинг бунақа «сўз ўйинлари»ни англагач, сўради: «Зоҳиран ёқимсиз бўлган бундай лафзларни истилоҳ қилиб олишга сизларни нима ундаган?» Сўфийлар айтдилар: «Ўз йўлимизга бўлган рашкимиз, токи уни яхши ўзлаштирмаганлар уни даъво қилмасинлар, унга аҳл бўлмаган унга кириб олмасинлар!»
Ана энди Ҳазрат Навоийдан бир байт ўқиймиз:
Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб,
Хироми суратидин гул уза ҳайдин гулоб айлаб.
Буни замонавий «Навоийшунос» бундай шарҳлайди: «Ярим кечаси, қоронғу тушганида бир чиройли юзли аёл кулбамга шошиб-пишиб келди, шошганидан терлаб кетибди-ю, терлари юзидан гулобдек қуйилаётган эди».
Бу Аллоҳга бўлган муҳаббатим иккига бўлинмасин, дея дунёдан тоқ ўтган Навоийга туҳматдир. Боринг, ана, бир маҳлиқо ҳузурларига келган бўлса ҳам Навоийдек зот буни ғазал қилиб, бутун оламга жар солмасдилар, сир тутардилар.
Хўш, Навоий аслида, нима демоқчи эдилар? Бунинг учун Навоий шу байтда ишлатган сўзлар сўфийликда нимани англатишини билиб олайлик: кулба – орифнинг қалби; гулрух – шуҳуд олами, яъни Аллоҳнинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати; гул уза ҳай – ғайбий илҳом. Ана энди байтни изоҳлашга уринамиз:
«Ҳамма ёқни жаҳолат зулмати қоплаб турган бир пайтда, қалбимда Аллоҳнинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати юз берди. Бу шундай тез юз бердики, унинг тезлигидан менда ғайбий илҳомлар ҳосил бўлди».
Ана, шоир нима демоқчи-ю, уни юзаки англаган одам нимани хаёл қилади? Ҳазрат Навоий ғазалларини ана шунақа шарҳлаган «Навоийшунослар» ҳам, Ҳазрат Навоий ҳақида кино қилдим деб, Навоийдек зотни подшоҳ (Ҳусайн Бойқаро) билан хотин талаштирганлар ҳам Ҳазратга туҳмат қилганлар. Ҳазрат Навоийнинг ҳаётларида унақа воқеалар бўлмаган ва бунақа шармандаликларнинг бўлиши мумкин ҳам эмас!
Навоийни тушуниб ўқишга ҳаракат қилинг, уни англашга ҳаракат қилинг! Аммо унинг ғазаллари, достонларининг туб моҳиятига етмасангиз, ўқимай қўяверинг, зеро, Навоийни ўқимаслик мумкин, бунинг учун гуноҳкор бўлмайсиз! Аммо Навоийни ўқиб, уни бошқаларга ўзингизча талқин этиш, «Навоий ҳам май ҳақида ёзган, у ҳам ўзимиздан экан», деб уни шишадошлар қаторига қўшиб қўйишингиз − гуноҳ! Бунинг жавоби бор.
Замондошлари яратган ғазалларнинг ҳам маъносини чақмаслик, ғазал сўзларининг юкини ҳис қилмаслик ҳофизларда кўп учрайди. Масалан, маънисига етганида ҳофизлар Саида Зуннунова юрак қони билан ёзган «Қаноатда Саида филча бўлурму, ҳай-ҳай» деб тугайдиган ғазални раққоса ўйнатиб эмас, фарёд чекиб айтардилар. Бунинг учун эса, Саида Зуннунова буни қачон ёзгани, нимага ёзгани, буни ёзганида бошида қанақа тегирмон тошлари айлангани-ю, қанчалар қон ютганини билишлари керак бўлади. Афсуски, улар бу нарсаларни ўқишмайди...
Ёки «Ёрни ойнакдин қаранг, ноз уйқуда ётганмикин» деб бошланувчи ғазалда Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломга «Боринг, секин ойнадан қаранг, менинг ёрим, дўстим, ҳабибим Муҳаммад алайҳиссалом ухлаяптимиканлар ё бедормиканлар?» деган маънони уққанларида ҳофизлар бу қўшиқни раққоса ўйнатиб, шўх куйламаган бўлардилар. Афсуски, бу нарсалардан хабари йўқ ҳофизлар айтаётган сўзининг маъносини билишдан кўра кўпроқ раққоса ўйнатишга ўчроқ...
Ҳазрат Алишер Навоий ғазалларини, достонларидаги маъноларни англаш, уларни тушуниб ўқиш барчамизга насиб қилсин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter