Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мисрнинг «Ўликлар шаҳри» ҳаётга қайтди

Мисрнинг «Ўликлар шаҳри» ҳаётга қайтди

Фото: «Fairplanet.org»

2014 йилдан бери Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган бир қатор лойиҳалар Мисрнинг «Ўликлар шаҳри»ни ўзгартириб, улкан тарихий мақбаранинг бир бурчагини ҳаёт билан тўла жонли маҳаллага айлантирди.

Ўн бешинчи асрга тегишли Султон Қайтбай масжиди ёнидаги ёғоч, чарм ва заргарлик буюмлари устахоналари қаторига энди шиша ишлаб чиқарувчилар ва бошқалар ҳам қўшилди, деб ёзмоқда «Gulftoday.ae».

Эркаклар XV aсрга тегишли Султон Қайтбай масжиди мажмуаси ёнидаги «Maмлуклар саҳроси» жойлашган кафеда ҳордиқ чиқаришни хуш кўришади.

Мисрнинг бир фунтли банкноталарида тасвирланган Мамлуклар даврининг машҳур ёдгорлиги монументал мақбаралар, чангли хиёбонлар ва норасмий яшаш масканлар билан ўралган.

Ҳукумат июль ойида Қайтбай масжидидан унча узоқ бўлмаган асосий йўлда қурилиш ишларини бошлагани боис бузиш ва кўчириш тадбирлари интернетда «Ўликлар шаҳри» аҳолисининг норозиликларини келтириб чиқарди. Аммо тез орада аҳоли бу ишлар мақсадини англаб етдилар. Камбағал маҳаллада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эндиликда қайта тикланган тош гумбазли савдо дўконларида ва ҳатто интернетда сотилмоқда.

Еттинчи асрда асос солинган Ислом мақбараси таниқли шахслар, жумладан, хонанда Фарид ал-Атраш ва ёзувчи Эҳсон Aбдул Қудду ҳамда 6,5 километр (тўрт чақирим)га чўзилган оддий мисрликларнинг сўнгги дам олиш масканидир.

Ижтимоий ривожланиш

Таъмирлаш ишлари бундан олти йил аввал уй ҳайвонлари учун сув ичиш идишини, сўнгра Султон турар-жой мажмуаси қабулхонасини янгилаш билан бошланди. Eвропа Иттифоқи 2018 йилда ижтимоий ривожлантиришга қаратилган «Ўликлар шаҳри»да тириклар учун мерос» номли сўнгги лойиҳага бир миллион евро (1,1 миллион доллар) ажратди.

— Бу ерга илк бор келганимизда асосий мақсадимиз ёдгорликларни асраб қолиш бўлган, — дейди лойиҳа координатори, Қоҳирадаги ёдгорликларни сақлаб қолиш бўйича кўплаб лойиҳалар устида иш олиб борган архитектор Агнешка Доброволска. — Ва биз ушбу ҳудудда яшовчи ва ишловчи одамларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олмасдан, ҳурмат қилмасдан туриб ёдгорликларни шунчаки асраб қололмаслигимизни англаб етдик.

Шиша ишлаб чиқарувчи ўз устахонасида иш устида.

Ателедаги ишлар Ковид-19 пандемияси сабабли бир неча ҳафтага тўхтатилди, аммо энди устахоналар яна иш бошлади ва элликка яқин аёллар маҳаллий Mishka бренди билан чарм ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришмоқда.

Юзлаб қўшни аёллар ва болалар илм-фан, технологиялар, инглиз тили ва спортга йўналтирилган турли семинар ва курсларда иштирок этди.

Ишонч объекти

Европа Иттифоқининг Мисрдаги делегацияси раҳбари Kристиан Бергер фикрича, 2021 йилда якунланадиган лойиҳанинг асосий донори Европа Иттифоқи учун дастурнинг ижтимоий элементлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

«Бизнинг мақсадимиз ночор ва кам таъминланган гуруҳларга тез фойда келтирадиган, кенгроқ ижтимоий-иқтисодий таъсир кўрсатадиган шу каби лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдир», — дейди Бергер.

Ушбу маҳаллада жаздан тортиб Мисрнинг фольклор ва анъанавий мусиқаларигача бўлган концертлар бўлиб ўтди. Ўз ишларини намойиш этиш учун Миср ва хориждан жуда кўплаб тасвирий санъат усталари, рассомлар ташриф буюришди.

Ҳудудни танитиш учун лойиҳанинг яна бир умиди — сайёҳларни жалб қилишдир. Доброволсканинг айтишича, лойиҳада айнан ноодатий нарсаларни изловчи сайёҳлар ҳам ҳисобга олинган.

«Биз оммавий сайёҳлик йўналишларидан узоқ бўлган сайёҳларни — ноёб шаҳарнинг ўзига хос хусусиятини қадрлайдиган ва ундан завқ оладиган одамларни жалб қилишга интиламиз», — дейди у.

Усмонжон Йўлдошев тайёрлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг