Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биз ўн беш йил таслим бўлмадик» — машҳур Сека-вайнер машаққатли йўллари ва йиллари ҳақида

«Биз ўн беш йил таслим бўлмадик» — машҳур Сека-вайнер машаққатли йўллари ва йиллари ҳақида

Кўриниши ажабтовур, ҳайратланганда кўзлари катта-катта бўлиб кетадиган бу қаҳрамон кўпчиликда кулги уйғотади. У – машҳур вайнер. Миллионлаб мухлисларига эга. Лавҳалари ўзига хос, ҳамманинг кайфиятини кўтариб юборади. Қозоғистон Инстаграмининг энг машҳур одами Сергази Токтарбек бошқа мамлакатларга Sekavines – Сека-вайнер сифатида таниш. Қуйида унинг ҳаёти ҳақида ўқийсиз...

– Мен узоқ вақт интервью бермадим, чунки ўзимни анча ёш, тажрибаси кам ҳисоблардим. Мана энди бошимдан ўтказганларим ва ижодда қандайдир ютуқларга эришганимни айтиш вақти келди, деб ҳис қиляпман, – дея камтарлик қилади Сека.

– Энг аввало, мутойибачилар ва вайнерлар ўртасида қандай қилиб энг машҳур бўлиш сирига ҳамма қизиқади.

– Бу шунчаки тажриба. Сен кўплаб муваффақиятсизликларни бошдан ўтказасан: ҳар гал йиқиласан ва ҳар гал қаддингни ростлайсан. Муҳими, нимадир бўлмаганда, ҳамма сенга қарши турганида синиб қолмаслик керак. Мени мажақлаб ташлашди, аммо синдиришолмади. Худди ана шу нарса натижа берди.

– Қизиқ, муваффақиятсизлик ва машаққатлар ҳақида Қозоғистон Инстаграмида энг кўп обуначиларга эга одам гапиряптими?

– Мен оддий кўча боласиман, чиройли гапиришни билмайман, бироқ умид қиламанки, мени тушуниб оласиз. Менинг ижодим йўргаклик вақтимдан бошланган: ҳар доим болалар боғчасида чиқиш қилардим. КВНда эса Алматидаги 36-гимназияда ўқиб юрганимда ўйнаб бошладим. Кейин университет учун «Турон» ҳамда бошқа олий ўқув юртлари учун чиқардим. Бизнинг «Очиқ лига»мизни, айниқса «Суперлига»ни Қозоғистонга келганида тўнғич Масляковнинг ўзи мақтаган. Бундан ташқари мен мактаб йилларидан танилган раққос бўлиб, ҳатто мусобақаларда ғалабани қўлга киритганман. Бироқ таклифларимиз билан телеканалларга борганимизда бизни мутлақо тан олмай, ҳайдаб юборишарди. Сабаби, камгина пул эвазига сифатли маҳсулот тайёрлайдиган ва шу тариқа у ерда қадимдан ишлайдиганларнинг нонини олиб қўядиган ёш йигитча ҳеч кимга ёқмасди. Ёки продакшн-компанияга бораман, менга арзимаган чақа беришади, аммо у ерда ҳар куни худди лаънатланган каби ишлайман. Бу ҳам анчадан буён ўтириб қолган одамларга ёқмайди ва оёғимдан чалиб бошлайдилар. Шу тариқа 15 йил таслим бўлмадик ва ниҳоят Худойим бизга орзу қилганимиз – машҳурликни берди!

– «Биз» деб кимларни айтяпсиз? Кимларни командангизда дея ҳисоблайсиз?

– Бу – вайнерлар тилида «цик-цик спать» дейиладиган Нурик ёки «дайди Боря» ҳисобланган Русик. Биз шу одам билан бошлаганмиз ва ҳозиргача ҳаракат қиляпмиз. Унинг ҳақиқий исм-шарифи Нургали Сесенгалиев. Яна менинг ёнимда аввал бошдан Ойбек Амиргалиев, Тимур Айтикиев, Куаниш Давлатбеков ҳам бор. Уларнинг айримлари билан туманда, аммо, асосан, университетда, КВНда ўйнаганимизда танишганмиз.

– Мен билишимча, сиз университетда молия бўйича ўқигансиз. Яна «ошпаз» мутахассислиги бўйича разрядингиз бор. Ижод одами учун шундай бўлиши мумкинми?

– Менинг тхэквондо бўйича қора камарим ҳам бор, маълум вақт қоидасиз жангларда қатнашганман. Эҳ, йўлимни топишим учун мен қайси соҳаларда ўзимни синаб кўрмадим, дейсиз! Профессионал актёр бўлишни эса ҳеч қачон хоҳламаганман, чунки ёшлигимда бемақсад ичиб кайфу сафога берилган артистларни кўрдим. Мактабни тугатаётганимда зўр КВНчи сифатида мендан умид қилиб, ҳатто Жургенев номидаги санъат академиясига грант бўйича таклиф қилишган. Онам у ерда ўқишимни жудаям хоҳлаганди, бироқ мен ўсмирлик ёшидаги талабчанлигимга кўра, «Ўғлингиз ичишни бошлашини истайсизми?» – дедим. Мана энди актёрлик касб, иш сифатида таълимсиз ҳам мени қувиб етди. Қолаверса, болалигимдан ўзим ҳақимда «Артистнинг нақ ўзи» деганларини эшитганман. Афтидан бу қонимда бор.


«...бизда таълимдаги ислоҳотлар ҳақида кўп қичқиришади ва ёшларга ўқишни мажбурлаш мумкин эмаслигини сира тушунишмайди. Мен эса, қичқириш эмас, уларнинг эътиборини тортиш, улар учун қизиқ бўлган тизимни ўйлаб топиш керак, деб ҳисоблайман. Масалан, ҳозир ёшлар компьютер ўйинлари ва вайнларни яхши кўришади, келинглар, уларни синдирмайлик, ўйинлар орқали қалбларига кирайлик, ишончларини қозонайлик».


– Экрандаги бекорчи Сека образи ҳаётдаги «мен»ингизга мувофиқ келадими?

– Мен ҳаётда жиддий йигитман, аммо шу билан бир вақтда жудаям қувноқман! Нокамтарлик бўлсаям айтай, яна меҳрибонман. Тўғри, баъзида қизишиб кетаман, чунки жўшқинман. Жўшқинлигим эса ижодкорлигим туфайли... Ҳаётда жиддий бўлишимга сабаб эса оилада ҳаммани мен таъминлайман: онам, қизим, хотиним, опам ва унинг қизига ғамхўрлик қиламан. Уйда ягона эркак эканлигимни ота-онам ажрашиб кетганидан кейин ҳис қилганман, ўшанда ҳали биринчи синфда ўқир эдим. Мен онам ва мендан бир ёш катта опам билан Чиликдан Алматига кўчиб ўтганмиз. Ўшанда юкларимизни олиб келган машина ҳайдовчисига сўнгги пулларимизни бериб, кейин эса бир ой деярли егуликсиз яшаганимиз эсимда. Отам Чиликда қолди, ўзининг ҳаёти бор эди унинг, мен ўн саккиз ёшга тўлганимда вафот этди. Дафн маросимига бордим, хайрлашдим ва отамдан ҳеч нимага ўрганмаганини тушуниб етдим. Мени болалигимдан ҳаётнинг ўзи ўқитган: худди онам ва опам каби доимий ишлаш ва фақат олдинга ҳаракат қилиш кераклигини билардим. Шахсан мен ҳаракат қилдим ва олтинчи синфдан ишладим.

– Аммо бугун Инстаграмдаги машҳур инсонларнинг даромади ҳақида гап кетганда афсоналар юради ва сизни бой-бадавлат дейишади...

– Агар бойлик бу – пуллар бўлса, мен бой эмасман. Бироқ менда инсон ва яқинлари меъёрида яшаши учун нима талаб қилинса, ҳаммаси бор. Бундан ташқари жамоамизнинг ярми яшаш жойига эга, машиналаримиз ҳам етади. Инстаграмдаги даромадга келсак, мени сотиб олиш осон эмас, биз бошқаларга ўхшаб кўп пул берганига қараб ҳаммани кетма-кет реклама қилмаймиз – банклар, алкоголни намойиш этмаймиз. Ломбардларни ҳам реклама қилмаганмиз, чунки унинг ортида қандайдир макруҳ ишлар бор деб шубҳаланганмиз. Бизга, сизлар билан ишлаш қийин, дейишади. Мен эса ўзимни омадим чопган деб ҳисоблайман – жамоам манфаатпараст эмас. Кўпроқ даромад кўришни хоҳлаймиз, албатта, аммо ор-номус ва қадр-қиммат биз учун юқори туради. Ўйлайманки, бойлигимиз сал кейинроқ келади. Мен, ҳатто биз бойиб кетишимизга ишонаман! Ижодий лойиҳалар, биз орзу қилган кино алал-оқибат ҳузур-ҳаловатимизга айланади, эртами-кечми эса ҳақиқий маҳсулот учун ишга киришамиз. Мен келгусида ўзимизнинг заводимиз бўлишини жудаям хоҳлайман. Бироқ ҳозирча ҳамма қарталарни очиб ташлолмайман, шунинг учун нима ишлаб чиқаришимизни айтмайман.

– Дарвоқе, сизнинг уйланганингиз ва қизингиз борлиги – кўплаб мухлислар учун янгилик...

– Ҳа, мен банд қилинган эркакман. Гўзал-малика қизим Амели ҳали гўдак. Севимли рафиқам Бибигул билан турмуш қурганмизга кўп бўлмади.

– Уни энг содиқ мухлисаларингиз орасидан танлаган бўлсангиз керак?

– Йўқ, у менинг ижодимни мутлақо ёқтирмайди. Рафиқам менинг бизнесмен ёки бошқа соҳа эгаси бўлишимни хоҳлайди, Сека-вайнер бўлмасам бас. У аслида менинг қандайлигимни билмагунча вайнер сифатида мутлақо ёқтирмаган. Худди сиз каби мени бошдан-оёқ бекорчи деб ўйлаган. Ахир фақат жуда яқин одамларимиз жамоамизнинг ярми намоз ўқишини билади, холос. Биз ҳеч қандай гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаймиз, ваҳоланки, мен билишимча, кўпгина ижод одамлари усиз туролмайди. Аксарият КВН жамоалари чекиб олиб, ҳазиллар ёзганини кўрганман. Биз агар шундай қилсак, эртага ҳам давом эттиришимиз ва бу ярамас матоҳсиз ҳеч бир ишимиз юришмаслигини аввал бошдан тушунганмиз. Биз ҳар доим ҳаммасини ҳушёр калла билан ёзганмиз (кулади).

– Агар Бибигул сизни бекорчи деб ўйлаган бўлса, қандай қилиб унинг юрагини забт этдингиз?

– Мен унга росмана ёрдам, эркакнинг қўллаши келиш фурсатини кутдим ва шунчаки кўмаклашдим, қўллаб-қувватладим. Бу унинг ботинидаги сир, шу боис нима эканлигини очиб беролмайман. Шунисини айта оламанки, у менинг аслида қандайлигимни кўрди ва биринчи учрашувдан сўнг Сергази вайнларда чиқадиган бекорчи Сека эмаслигини англади. Мен уни уй сотиб олаётганимда кўрган эдим. Бибигул кўчмас мулк сотадиган таниқли компанияда ишларди. Мен у ердан уй сотиб олмадим, бироқ Бибигулни кўрдим ва жудаям қаттиқ севиб қолдим.

– Деярли ҳар доим ҳақиқий бомба бўладиган вайнларингиз мавзусини қаердан оласиз?

– Бугун катта миқдорда вайнларни суратга оладиган болалар КВНчи ҳам, сценарийнавислар ҳам эмас. Улар ҳазилларни ҳаётдан олишади, тезгина ёзишади ва ижоди тўхтайди. Биз эса мутойиба ҳаётий воқеалар, қувлаш (шунчаки ҳайдаб солиш) ва классика (Чаплин юмори ва совет даврининг беозор комедиячлари)дан иборат эканлигини биламиз. Ва уларнинг барчасини – бўш, ўрта ва кучли ҳазилларни битта қилиб берамиз. Бу шунақа махсус формула. Бундан ташқари, биз ҳозирги вақтда ёшларга қизиқ бўлган нарсани ўрганамиз ва қўллаймиз, яъни ҳамиша уларнинг тилида сўзлаймиз.

Дарвоқе, бугун бизда таълимдаги ислоҳотлар ҳақида кўп қичқиришади ва ёшларга ўқишни мажбурлаш мумкин эмаслигини сира тушунишмайди. Мен эса, қичқириш эмас, уларнинг эътиборини тортиш, улар учун қизиқ бўлган тизимни ўйлаб топиш керак, деб ҳисоблайман. Масалан, ҳозир ёшлар компьютер ўйинлари ва вайнларни яхши кўришади, келинглар, уларни синдирмайлик, ўйинлар орқали қалбларига кирайлик, ишончларини қозонайлик. Мен гаров ўйнашим мумкин: болангизга беўхшов шапка киймаслигини юз марталаб такрорламанг, сизга қулоқ солмайди, эртага мен Инстаграмда шу шапкани кийиб чиқсам, дарҳол ёқтириб қолади ва энг урфдаги ва керакли бош кийим деб ҳисоблайди. Ҳозирги ёшларнинг қалбига йўл уларнинг қизиқишлари, эътибор қозонган одамлари орқали топилади.

– Сизнинг эътибор қозонган одамларингиз ким?

– Ербол Байгозов деган одам бор, шеърлар билан гапиради, 35 мингта қўшиқни ёддан билади, «Абай жўли» ва бошқа дурдоналарни хоҳлаган жойидан айтиб бериши мумкин. Мен учун мана шундай инсонлар қизиқ. Дўстим ва ҳамкасбим Нурикни ҳам катта одам ҳисоблайман. У, ҳатто энг оғир дақиқаларда ҳам мени ташлаб кетмаган. Ўзининг шахсий муаммолари борлигига қарамай, оиламнинг ижара ҳақини тўлаш учун кредит олган пайтлари бўлган. Яъни одамларни инсоний сифатларига қараб баҳолаш керак – улар оддий бўлишлари мумкин, аммо аслида ҳаракатлари буюк. Ва айнан шу каби инсонлар мен учун эътиборли одамлар ҳисобланади.

Оксана ВАСИЛЕНКО
(интернетдан олинди)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг