Суд икки марта «Оскар» соҳибини кўчирмакаш деб топди
Эрон суди режиссёр Асқар Фарҳодий устидан ҳукм чиқарди. Киноижодкор «Қаҳрамон» фильмининг сюжетида ўз собиқ талабаси — Озода Масиҳзоданинг «All Winners All Losers» («Барча ғолиблар, барча мағлублар») ҳужжатли асаридан фойдаланган, деб топилди.
«The Hollywood Reporter» хабар беришича, режиссёр муаллифлик ҳуқуқларини бузиш ва ҳужжатли кинодаги асосий элементлар плагиатида айбланган. Суд арз қилиш ҳуқуқисиз ҳукм чиқарди, бироқ қандай жазо тайинлангани ҳозирча номаълум. Фарҳодий собиқ шогирдига фильм намойишидан тушган барча фойдани беришига тўғри келади. Қолаверса, қамалиши ҳам мумкин.
«Қаҳрамон» фильми премьера намойиши 2021 йили Канн кинофестивалида бўлиб ўтганди. «Олтин пальма япроғи»га номинацияси қўйилган ушбу киноасар якунда жюри Гран-приси ҳамда Франсуа Шале мукофотини қўлга киритган, жаҳон прокатида 2,5 миллион доллар ишлаганди.
Асқар Фарҳодий — эронлик энг таниқли кинорежиссёрлардан бири. У суратга олган «Нодир ва Симиннинг ажрашиши» (2011) ва «Коммивояжер» (2017) фильмлари чет тилидаги энг яхши фильм номинациясида «Оскар»га сазовор бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter