Гавҳар камида Вайнона Райдердек юлдуз бўларди, агар...
Аманда Байнс шизофрения, голливудлик комик Жим Керри, англиялик ёзувчи аёл, «Гарри Поттер» асари муаллифи Жоан Роулинг, актриса Вайнона Райдер, қўшиқчи ва мусиқачи Элтон Жон, футболчилар Дэвид Бекхем, Гершел Уолкер ва ниҳоят, ҳаммамиз севиб томоша қиладиганимиз хориж киноси – «Ватанпарвар» режиссёри ва бош роль ижрочиси Мэл Гибсон – булар руҳий касалликларнинг турли кўринишлари билан оғриган хориж машҳурлари.
Аммо улар бутун дунё халқларининг севимли қаҳрамонлари қаторидан жой олган. Уларнинг руҳий хасталиги иш берувчилар учун ҳеч қачон аҳамиятга эга бўлмаган ва бу хасталикларига ҳеч қачон жиддий эътибор беришмаган. Бу машҳурларнинг баъзилари депрессия, маниакал депрессив психоз, шизофрения каби хасталиклар билан умр бўйи курашиб келаётган, дориларни канда қилмаётган инсонлар. Масалан, Мэл Гибсоннинг Мэл Гибсон бўлиб танилишига ким сабабчи?Албатта кинорежиссёрлар, продюссерлар, у яшаётган мамлакат, у ижод қилаётган жамият, унинг дўстлари, яқинлари.
Хориж киноларининг ютуқлари сабаби — талантнинг биринчи ўринда туриши. Талантли одам руҳан соғломми, носоғломми, чиройлими, кўримсизми, оилавий ҳаёти намуналими, оиладан омадсизми, фарқи йўқ. Муҳими — у талант. Муҳими у ИНСОН — бошқача қалбли иқтидор.
Шу иқтидори билан юртини жаҳонга танитиши, тан олдириши, мислсиз сармоя киритиши мумкин. Муҳими, у шу таланти орқали бошқалар томонидан тан олиниши туфайли ўсиши ёки аксинча, эътиборсизлик туфайли сўниши мумкин. Тасаввур қиламан. Мэл Гибсон бизда шу иқтидори билан ўсиб улғайганида ким бўларди. Ҳеч ким. Бугун Маданият вазири Б.Сайфуллаевнинг Гавҳар Шариповани уялмасдан руҳан носоғлом эди, деган гапидан кейин санъат ва маданиятимиз ҳеч қачон ривожланмай, талантлар юзага чиқмай ўтиб кетишининг асосий сабабини англадим.
Савол туғилади: Гавҳар Шарипова ижод қилишга яроқсиз бўлганида эсда қоларли образлар, қаҳрамонлар ярата олармиди? Роллари билан одамлар қалбида яхши хотиралар билан сақланиб қолармиди? Унинг бошқалардан бошқача эканлигини санъат аҳли тан олиши, ҳис қилиши, ўзига мос иш, ўзига мос рол таклиф қилиши, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериши керак эмасмиди? Қолаверса, унинг руҳий носоғломлиги ҳақида бирорта факт, далил, тиббий маълумотнома борми? Бу жиддий айблов. Инсон шаънига, айниқса, вафот этганидан кейин, унинг хотирасига отилган тош залвори, юки оғир эмасми? Умуман, руҳий носоғломларга нисбатан одамлар орасидаги стереотиплар қачон йўқолади? Ўлган инсонни яхши хотиралар билан хотирлаш ўрнига ёши бир жойга борган инсон, яна у маданият раҳбари бўлса, очиқчасига ҳақоратлагандек «ўзи руҳан носоғлом эди» дейиши, бемаданиятлик белгиси эмасми?
Ҳа, нафақат маданият соҳасида, барча соҳаларда (бизнинг жамиятда) инсон қадри охирги ўринларга тушиб бормоқда. Қайсидир мамлакатларда руҳан хасталиги бор одам қадрланиб, соғлар қаторига қўшилаётган бир пайтда, бизда соғ одам атрофдаги худбин одамлар туфайли руҳан касалга айланмоқда, айлантирилмоқда. Турли босимлар, камситилишлар, беэътиборликлар туфайли соғ одам ҳам руҳияти ишдан чиқиб, жиннига айланмоқда.
Жуда бўлмаганда дўстлари томонидан бошига оғир иш тушганида унутилмоқда. Гавҳар Шарипованинг дугонасидек, (агар дугона деб ҳисоблайдиган бўлсак) кўчага ҳайдамоқда.
Аманда Байнс шизофрения билан хасталанган. Аммо у хорижда ўз мавқеига эга машҳур ва севимли киноюлдуз. Мен Гавҳар Шарипованинг Амандадек хорижда туғилмаганига афсусланаман. Гавҳар агар чет элда туғилганида кетма-кет «Оскар» совриндори бўлган америкалик кино актриса ва продюссер Вайнона Райдердек юлдузлик даражасига чиқармиди. Чунки чет элда озгина тушкунлигини ҳам бўрттириб руҳий носоғломга чиқарадиган дугоналар ва маданият вазирлари бўлмасди ҳар ҳолда. Эссиз инсон, эссиз талант ва эссиз маданият вазири деган мақом...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter