Санъат дарғаларини чиқарган филармониянинг янги мавсуми очилди
Ўзбекистон давлат филармониясининг 88-концертлар мавсуми очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Пойтахтимизнинг «Халқлар дўстлиги» санъат саройида Ўзбекистон давлат филармониясининг барча ижодий жамоалари иштирокида концертлар мавсумининг унутилмас очилиши ҳамда йил давомида фаоллик кўрсатган ижодкорларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этиб, филармония жамоасини янги мавсум очилиши билан муборакбод этди ва самарали меҳнат қилган бир қатор ижодкорларни «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирлади.
Концерт аввалида Ўзбекистон давлат филармониясининг 88 йиллик фаолиятига бағишланган қизиқарли маълумотларга бой видеоролик намойиш этилди. Унда Муассаса ташкил этилган 1936 йилдан то бугунги кунгача бўлган ижодий жараёнлар, фаолият юритган санъат дарғалари ҳамда соҳадаги ўзгаришлар акс этган.
Шундан сўнг, мухлисларга ижодий жамоалар иштирокида қизиқарли концерт дастури тақдим этилди. Дастур давомида Ўзбекистон давлат филармонияси Бош директори Анвар Тожибоев ҳамда бир қатор санъат дарғалари томонидан йил давомида муносиб фаолият юритган жамоа вакиллари ва ижодкорлар Филармония статуэткалари ҳамда махсус дипломлар билан тантанали тақдирланишди.
Концерт дастурида Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Ғуломжон Ёқубов, Мансур Тошматов, Женисбек Пиязов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ғиёс Бойтоев, Дилфуза Раҳимова, Анвар Ғаниев, Абдулла Шомағрупов, Маъсума Болтабоева, хонандалар Сардор Мамадалиев, Феруза Очилова, Дилмурод Отажонов, Расул Абдуллаев ва бошқа санъаткорлар ўз қўшиқлари билан мухлисларни хушнуд этишди.
Шу тариқа Ўзбекистон давлат филармониясининг 88-концертлар мавсуми очилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter