Ёшлар ишлари агентлиги раиси ўринбосари ўзида COVID-19 аломатлари борлигини маълум қилди
Янги ташкил қилинган Ёшлар ишлари агентлиги раиси ўринбосари Дилноза Каттахонова инстаграм саҳифаси орқали ўзида COVID-19 аломатлари сезилаётганини маълум қилди.
«Коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий тус олди дўстлар. Аввалига мен ҳам унчалик ишонмагандим, афсусдаман...
Бугун эса ўзимда ва яқинларимда унинг аломатларини кузатяпман, танишларим ҳам касалланишди.
Кўча-кўйда карантин қоидаларига бепарво одамлар ҳали ҳам кўп эканини кўриб ҳавотирга тушдим.
Энг ёмони кўпчиликда касаллик аломатларсиз кечяпти. Илтимос, ўзингизни ва яқинларингизни асранг, ниқобсиз юрманг, ижтимоий масофа сақланг. Карантин қоидаларига риоя қилинг», – деб ёзади Дилноза Каттахонова.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида ишловчи бир неча ходимда коронавирус аниқланган, шу сабаб Марказий кенгаш биноси карантинга ёпилган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда президент фармони билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилганди. Шунингдек, Президент қарори билан Алишер Саъдуллаев Ёшлар ишлари агентлиги директори лавозимига тайинланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter