ХТВ: 6901 нафар битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар топширилади
Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов бир гуруҳ мактаб битирувчиларининг уйларига ташриф буюриб, уларга аъло билими ва иқтидори учун олтин ва кумуш медаллар топширди.
Ташриф «Uzreport» ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган битирув оқшоми доирасида ташкил этилди.
Жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларининг 11-синфини 451 053 нафар ўқувчи битириб чиққан бўлса, шулардан 6901 нафари олтин ва кумуш медалларига лойиқ деб топилган.
Айтиш жоизки, битирувчиларга медаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги «Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейлар битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 154-сон Қарорига асосан таълим муассасаларида тантанали равишда топширилиши лозим. Бироқ жорий йилда мамлакатимиздаги карантин ҳолатини инобатга олиб, барча ҳудудларда медаллар битирувчиларга карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда топширилмоқда.
Айтиш жоизки, мазкур рағбат 2019 йилдан буён ўқувчиларнинг таълим ва тарбияга бўлган иштиёқини ошириш ва улар орасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг сифатли таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида топширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter