Вакцина фойда бермади — вазир коронавирусга чалинди
Ҳиндистоннинг Ҳаряна штати ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазири (иккиси битта вазирлик — таҳр.) Анил Виж ноябрь ойида кўнгилли равишда коронавирусга қарши синовдан ўтказилаётган вакцинани қабул қилганди. Шунга қарамай, унда ковид аниқланди.
Бу ҳақда вазир «Твиттер»да хабар бериб, ўзи билан мулоқотда бўлганларни таҳлил топширишга чақирди.
«Bharat Biotech» (Ҳиндистон) компанияси синовдан ўтказаётган «Covaxin» вакцинасини Ҳарянада биринчи қабул қилган кўнгилли айнан Виж соҳиб эди. Ҳозир у Амбала-Кантт шифохонасида даволаняпти.
Вазир касал бўлишидан олдинроқ «Bharat Biotech» компанияси ўз вакцинасини 28 кун фарқ билан икки марта қабул қилиш самара беришини маълум қилганди. Вакцинанинг ҳақиқий кучи иккинчи доза қабул қилинганининг 14-куни маълум бўлиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда «Covaxin» синовларининг учинчи босқичи кетяпти: кўнгиллиларнинг ярми вакцина, ярми плацебо билан эмланади.
Ҳиндистон — улкан мамлакат, шу боис бошқа маҳаллий ва хорижий вакциналар синовлари ҳам жадал кетяпти, масалан, Оксфорднинг «Covishield» вакцинаси синовлари ҳам учинчи — сўнгги босқичга етиб келган. Қолаверса, «ZycovD» вакцинаси («Zydus Cadila» компанияси), Ҳиндистоннинг «Biological E. Ltd», АҚШнинг «Dynavax Technologies Corp» ва Бейлор тиббиёт коллежи ҳамкорлигидаги вакцина, Россиянинг «Спутник V» вакцинаси синовлардан ўтмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter