Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистонда коронавирусга қарши курашган шифокорлар ортга қайтди. Барчаси кўкрак нишони билан тақдирланди

Тожикистонда коронавирусга қарши курашган шифокорлар ортга қайтди. Барчаси кўкрак нишони билан тақдирланди

Аввал хабар берганимиздек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш, касалликка чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокор мутахассисларимиз Тожикистон Республикасига йўл олишган эди.

Бугун тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда самарали фаолият олиб борган шифокорларимиз юртимизга қайтишди.

Мутахассисларимиз томонидан сафар давомида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда шифокорлари иштирокида қатор анжуманлар ташкил этилиб, уларда Ўзбекистондаги эпидемик вазият ва касалликнинг олдини олишда амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди, ўзаро фикр ва тажриба алмашинди. Шунингдек, касалликка чалинган беморларни самарали даволаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва шифохоналарда зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш тартиб-қоидалари бўйича мастер-класс машғулотлари ҳам ўтказилди.

Юртимиздан борган анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог каби мутахассисларимиз тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда қатор тавсиялар ишлаб чиқишди ва шу асосда самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коронавирус инфекцияси бўйича республикадаги вазиятни ўрганиш, зарур бўлганда, қўшимча чора-тадбирларни режалаштириш ва оғир беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида етук мутахассислардан иборат марказий гуруҳ ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли томонидан коронавирус инфекцияси бўйича тушган мурожаатларни зудлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун, Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Саll-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Мобил компаниялар орқали аҳолини коронавирус касаллигидан ҳимоя қилиш мақсадида тизимли равишда SMS тарғибот ишлари бошлаб юборилди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят, туман даволаш профилактика муассасаларининг раҳбарлари ва юқумли касалликлар шифохоналарининг мутахассислари иштирокида қатор онлайн видеомулоқотлар ўтказилди.

Ана шундай шарафли вазифани муносиб тарзда бажариб қайтишган тиббиёт ходимлари юртимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан тантанали равишда, юксак эҳтиром билан кутиб олинди.

Эътиборли жиҳати, Тожикистонда бўлиб қайтган тиббий гуруҳ таркибидаги барча, яъни 8 нафар тиббиёт ходими Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг