«Ажал рақси». Иммунолог «суперкоронавирус» туғилишидан хавотирда
Цюрих олий техника мактаби (Швейцария) иммунологи Сай Редди келгуси йили коронавируснинг янада хавфли тури пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
SARS-CoV-2нинг мавжуд барча штаммлари бир бўлиб кўплаб ўлим ҳолатларига олиб келувчи эпидемиянинг янги босқичини бошлаб бериши мумкин. Жанубий Африкадан тарқалган бета ва келиб чиқиши Бразилияга тақалувчи гамма антитаналарга қисман чап берувчи мутацияга учрашга улгурди, дейди Редди.
Пандемиянинг навбатдаги босқичида бета ва гамма штаммларининг юқумлилик даражаси янада ошади, дельта эса иммунитетни четлаб ўта оладиган бўлади. Бу мутациялар муқаррар, таъкидлади олим.
«COVID-22, биз ҳозир бошдан ўтказаётганимизга қараганда, ҳатто ёмонроқ бўлиши ҳам мумкин», — деди Сай Редди «Blick» газетасига берган интервьюсида.
«Иммун тизими ва вирус — икки раққосни эслатади. Иммунитет ҳаракатланиши билан вирус жавоб беради. У билан «рақсимиз» ҳали узоқ давом этади. Эҳтимол умримизнинг охиригача», — деди у ўз сўзларини якунларкан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter