Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокорлар коронавирусдан дарак берувчи аломатларни маълум қилишди

Шифокорлар коронавирусдан дарак берувчи аломатларни маълум қилишди

Фото: «РИА»

АҚШдаги Майо клиникаси шифокорлари COVID-19нинг нафас олиш йўлларида намоён бўлишидан олдин келиб чиқадиган бир қатор аломатлар ҳақида маълумот беришди. Бу ҳақда «Daily Express» нашри хабар берган.

«COVID-19 ошқозон-ичак йўлида енгил аломатларни, жумладан, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, қайт қилиш ва ич кетишини келтириб чиқариши мумкин», — дейилади хабарда.

Шунга қарамай, булар энг кўп учрайдиган аломатлар эмаслиги ва атиги бир кун давом этиши мумкинлиги таъкидланган. Ич кетиши ва кўнгил айниши кўпинча нафас олиш аломатлари пайдо бўлишидан олдин келиб чиқади, дея таъкидлашмоқда мутахассислар.

Шифокорлар кўнгил айниши бошқа бир қанча касалликлар, масалан, грипп, мигрень, ошқозон-ичак йўли бузилиши ёки депрессиядан дарак бериши мумкинлигини эслатиб қўйишди.

Коронавирус инфекциясида кўнгил айнишидан сўнг йўтал, иситма, таъм ва ҳид йўқолиши кузатилади.

Коронавирус пандемияси деярли бутун дунёни қамраб олди. Ер юзида 81 миллиондан ортиқ киши инфекцияни юқтириб олган бўлиб, улардан 1,8 миллионга яқини вафот этди. Касалланишлар энг кўп АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда қайд этилмоқда. Қурбонлар сони бўйича ҳам шу мамлакатлар олдинги ўринларда боришмоқда.

Ўзбекистонда 76 832 киши коронавирусга чалинган бўлиб, улардан 74,439 нафари тузалган. 613 бемор вафот этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг